ЎзА Ўзбек

13.08.2019 22:39 Чоп этиш версияси

Мароқли таътил онлари

Мароқли таътил онлари


“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ижтимоий марказида ташкил этилган 4 мавсумли кундузги соғломлаштириш оромгоҳи жорий йилги фаолиятини якунлади. 

Шу муносабат билан оромгоҳда байрам кечаси ташкил этилди. Тадбирга фонд раҳбарияти, мутасадди, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ота-оналар ҳамда 1-, 2-, 3-, 4-мавсум дам олувчилари – болажонлар таклиф этилди. 

Санъаткорлар ҳамда болажонлар ижросидаги куй-қўшиқлар, саҳна кўринишлари ва турли спорт ўйинлари чиқишлари тадбир қатнашчиларига олам-олам завқ улашди. 

– Юнусобод тумани ҳокимлиги билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила фарзандлари учун ташкил этилган мазкур оромгоҳда мавсум давомида 144 бола дам олди, – деди оромгоҳ директори Ёқуб Холмуродов. – Бунинг учун керакли шарт-шароитлар яратилди. Болалар парвариши, тарбияси учун малакали педагог-тарбиячилар ҳамда етакчилар бириктирилди. Ўғил-қизлар саломатлигини шифокорлар назорат қилиб турди. 

photo_2019-08-13_22-38-45.jpg

Кам таъминланган оилалар фарзандларини ижтимоий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳамда болажонларнинг ёзги таътил вақтида дам олишларини мазмунли, қизиқарли ўтказиш мақсадида амалга оширилган мазкур саъй-ҳаракатлардан ота-оналар ҳам мамнун бўлди.

– Оромгоҳ фарзандимга ёқди, – деди Моҳира Норқулова. – Турли маънавий-маърифий, маданий ва спорт тадбирлари, давра суҳбатлари ҳамда интеллектуал ўйинларда фарзандимнинг иштирокини эшитиб, кўриб мен ҳам қувондим. “Соғлом авлод – келажак пойдевори” шиори остидаги турли учрашув-суҳбатларда соғлом турмуш тарзи, гигиена қоидалари ва саломатлик сирларини ўрганишди, “Саломатликнинг ёш дўстлари” мусобақаларида фавқулодда ҳолатларда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш юзасидан маълумотларга эга бўлишди. Берилган ушбу билимлар эса уларга албатта, асқотади. 

Тадбир сўнгида фаолияти намунали деб топилган ходимларга ташаккурномалар, болажонларга эса ҳомий ташкилотларнинг совғалари топширилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 957