ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Марказий Осиёни глобал транспорт ва транзит йўлакларига интеграциялаш бўйича муҳим ташаббус

Марказий Осиёни глобал транспорт ва транзит йўлакларига интеграциялаш бўйича муҳим ташаббус

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги нутқида Марказий Осиёни ягона минтақа сифатида ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблигини ҳисобга олган ҳолда, фаол минтақавий сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратиш, қўшни давлатлар билан барча соҳада, жумладан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлган транспорт йўналишида конструктив ва ўзаро манфаатли алоқалар ўрнатишни белгилаб берди.

Маълумки, минтақада транспорт алоқаларини ривожлантириш асосий масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Шу боис, Ўзбекистон соҳани ривожлантиришга стратегик аҳамият қаратиб, транспорт инфратузилмасини миллий ва минтақавий даражада ривожлантириш, халқаро транспорт тизимига интеграциялаш бўйича изчил иш олиб бормоқда.

Халқаро транспорт йўлакларини шакллантириш жараёнида бир қатор муаммолар мавжуд. Булар – транспорт фаолиятида иштирок этаётган турли мамлакатлар меъёрий-ҳуқуқий базасининг номувофиқлиги, турли техник стандартлар мавжудлиги, бутун йўналиш бўйича ягона темир йўл тармоғи мавжуд эмаслиги, шунингдек, божхона расмийлаштирувининг узоқ давом этиши ва рақамли технологияларни жорий этиш даражаси пастлиги сабабли транзит юкларнинг чегара-ўтиш пунктларида туриб қолишидир.

Давлатимиз раҳбари ушбу муаммоларни бартараф этиш, минтақамизнинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига чуқур интеграциясини таъминлаш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий марказини очиш таклифини билдирди. Ушбу марказнинг ташкил этилиши минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлади ва норматив-ҳуқуқий базалар, техник меъёрлар ва стандартлар бўйича минтақавий тартибга солиш органи сифатида ишлайди. Шу билан бирга тадбирларни амалга оширишда ва турли воситалардан фойдаланишда фаол ёрдам беради ва иштирокчи мамлакатларнинг халқаро транспорт ташувларини амалга оширишдаги муаммоларига ечим бўлади.

Бугунги кунда Осиё ва Европа қитъалари ўртасида иқтисодий жиҳатдан самарали ва экологик барқарор савдо йўллари ривожлантирилмоқда. Хитой ва Ҳиндистон азалдан энг қисқа қуруқлик йўллари бўйлаб Европага етиб боришга ҳаракат қилган. Бундан ташқари, бу икки йирик мамлакат темир йўл билан боғланмаган, Ҳиндистон ва Покистон темир йўллари Марказий Осиё ва бошқа минтақа темир йўлларига кириш имкониятига эга эмас.

Ҳозирги вақтда Осиё ва Европа ўртасидаги товар айланмасининг 70 фоизи денгиз транспорти, 25 фоиздан ортиғи ҳаво транспорти орқали амалга оширилади. Темир йўл ва автомобиль транспорти улуши эса унчалик катта эмас. Ушбу йўналишдаги ўсиш салоҳияти жуда муҳимдир.

photo_2020-09-25_12-24-50.jpg

Ўзбекистонда Евроосиё транспорт-коммуникация маркази сифатида йирик логистика кластерини шакллантириш барча транспорт турларини ривожлантиришни рағбатлантиради. Бу эса дунё бозорларини XV асрда Буюк ипак йўли тугагунга қадар бўлганидек, қуруқликдаги транспорт йўллари чорраҳаси – Марказий Осиёга йўналтиришга хизмат қилади.

Шу нуқтаи назардан, Европа Иттифоқи, Россия, Марказий Осиё, Хитой, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва ундан кейин Жануби-Шарқий Осиё давлатларини бирлаштирган трансафғон – "Кобул транспорт йўлаги"ни ривожланиш ва шакллантиришга асос бўлади. Бу, ўз навбатида, Афғонистоннинг Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлашдаги ролини оширади.

“Кобул транспорт йўлаги” Афғонистоннинг барқарор ривожланиши ва минтақавий савдо-иқтисодий алоқаларга қўшилишида муҳим аҳамият касб этади ва бу мамлакатда узоқ муддатли барқарор вазиятнинг муҳим шарти сифатида тинч иқтисодиётни тиклайди.

Бу нафақат Марказий Осиё мамлакатларининг транзит салоҳиятини оширишда қўшимча имкониятлар очади, балки Афғонистонда транспорт ва энергетика лойиҳаларини барпо этиш ва ишга туширишда муҳим омил бўлади. Бу эса Афғонистон пойтахти Кобулни ташқи дунё билан боғлайди, мамлакатда инфратузилмани ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Дилдора Ибрагимова,
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни
қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий
тадқиқотлар институтининг логистика
инфратузилмани ривожлантириш ва
рақамли иқтисодиётни шакллантириш
лойиҳаси раҳбари

1 619
ЎзА