ЎзА Ўзбек

13.08.2018 23:09 Чоп этиш версияси

Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: Ўзбекистон нигоҳи

Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: Ўзбекистон нигоҳи
Сентябрь ойида Тошкентда “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар” мавзуида халқаро конференция ўтказилади.

Бўлажак тадбир тўғрисида батафсил маълумот олиш мақсадида ЎзА шарҳловчиси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти эксперти Ф.ЖЎРАЕВ билан суҳбатлашди. 

– Даставвал, анжуманнинг кун тартиби ҳақида маълумот берсангиз.

– Мазкур форум аввало, Марказий Осиё транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантиришга оид қўшма саъй-ҳаракатларни муҳокама қилиш ва бу борадаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишга йўналтирилган. 

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Президент лавозимидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ Марказий Осиёни ягона минтақа сифатида ривожлантиришнинг аҳамияти ва долзарблигини эътиборга олган ҳолда, фаол минтақавий сиёсат юритиш, Марказий Осиёда қулай сиёсий муҳит яратиш, минтақадаги мамлакатлар билан барча йўналишларда, жумладан, Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор тармоқларидан бўлган транспорт соҳаси бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйиш каби вазифаларни белгилаб берган эди. 

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда 2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури амалга оширилмоқда. Дастур миллий транспорт тармоғини ривожлантириш соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган яхлит комплекс стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини ҳудудий ва жаҳон бозорига олиб чиқишни ҳисобга олган ҳолда ушбу стратегияни халқаро транспорт тизимига кенг интеграциялашни таъминлашни кўзда тутади. 

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда транспорт-транзит салоҳиятини янада ривожлантириш учун барча зарур шароитлар яратилмоқда. Транспорт тизимининг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, Ўзбекистон ҳудудидан ўтиш учун мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ишлари амалга оширилмоқда. Бу эса Марказий Осиёда халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. 

Минтақани ривожлантиришга қаратилган муҳим лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида ўтган йил ноябрь ойида Самарқандда “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция ўтказилди. Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирдаги нутқида ҳозирги кунда минтақавий ҳамкорликни барча муҳим соҳалар бўйича ривожлантириш тенденциялари ҳақида сўзлади ва Марказий Осиё бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Давлатимиз раҳбарининг асосий ташаббусларидан бири – Марказий Осиё бўйича БМТ резолюциясини қабул қилиш таклифи халқаро ҳамжамият томонидан кенг қўллаб-қувватланди. Жорий йил июнь ойида БМТ Бош Ассамблеяси “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорлик” резолюциясини қабул қилди. Резолюцияда транспорт инфратузилмаси ва транзит йўлакларини ривожлантириш, янги автомобиль ва темир йўллар, авиақатновларни очиш орқали барча транспорт турларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. 

Йирик халқаро бозорларни ўзаро бирлаштирувчи энг қисқа йўналишлар минтақамиз орқали ўтади. Ҳудудимизнинг транспорт-транзит салоҳияти унинг тарихан Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприк вазифасини ўтаган Буюк ипак йўлининг марказидаги геостратегик жойлашуви билан белгиланади. Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил март ойида Остона шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлат раҳбарларининг маслаҳат учрашувидаги нутқида минтақани йирик денгиз портлари ва дунё бозорлари билан боғлаш имконини берадиган транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш устувор вазифа эканини таъкидлади. 

Марказий Осиёда мавжуд транспорт йўлакларини такомиллаштириш ва янгиларини шакллантириш долзарблигини эътироф этган ҳолда, давлатимиз раҳбари Самарқандда бўлиб ўтган тадбирда Тошкент шаҳрида транспорт йўлаклари бўйича халқаро конференцияни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. 

Бўлажак конференцияда минтақамиз транспорт-транзит салоҳиятини ривожлантириш, уни халқаро транспорт хабига айлантириш, Марказий Осиё орқали ўтадиган халқаро транспорт йўлакларининг транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш кутилмоқда. 

– Мазкур анжуман Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатлари учун нечоғлик аҳамиятга эга?

– Конференцияда биринчидан, барча Марказий Осиё мамлакатларини қизиқтирган, иккинчидан, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида халқаро ташкилотлар, энг аввало, халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорликка қаратилган, учинчидан, Марказий Осиё мамлакатларининг транспорт-транзит салоҳиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшма саъй-ҳаракатларни ишлаб чиқишга йўналтирилган масалалар муҳокама қилинади. 

Марказий Осиёда қўшимча юк ташиш оқимларини жалб этиш имконини берадиган янги транспорт ва транзит йўлакларини шакллантириш, транспорт ва логистика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича хорижий тажрибани ўрганиб, халқаро логистика марказлари тармоғини яратиш, минтақа транспорт-логистика салоҳиятини ривожлантириш учун хорижий мамлакатларнинг портларидан самарали фойдаланиш услубларини шакллантириш, Марказий Осиёда Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Европа, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларини бирлаштирувчи муҳим транзит йўл бўлиб хизмат қиладиган ягона интеграциялашган хабни яратиш масалалари минтақамиз учун долзарб аҳамият касб этади. 

Тадбирни ўтказишдан асосий мақсад – минтақа транзит салоҳиятини биргаликда ривожлантириш, халқаро транспорт йўлакларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, халқаро ташувлар жараёнидаги турли тўсиқларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий база ва тариф сиёсатини такомиллаштириш ҳисобланади. 

Анжуманнинг тўрт шўъбасида “Марказий Осиё мамлакатлари транспорт-транзит салоҳиятининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари”, “Темир йўл транспортини ривожлантиришнинг халқаро ва минтақавий тенденциялари”, “Автомобиль ташувларини такомиллаштириш бўйича халқаро ҳамкорлик: хорижий тажриба ва миллий амалиёт”, “Марказий Осиёда ҳаво транспортини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” каби мавзуларда йиғилишлар ўтказилади. 

Конференцияда 45 мамлакатдан 200 дан ортиқ меҳмон, 25 халқаро ташкилот, молия институтлари ва етакчи транспорт компаниялари, жумладан, Жаҳон банки, ОТБ, ИТБ, ЕТТБ, ОИИБ, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси, ЕХҲТ, ГХҲЖ, ШҲТ, ИҲТ, МДҲ, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури, ТРАСЕКА дастури, Халқаро автомобиль транспорти уюшмаси, Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти ва бошқа ташкилотлар вакиллари қатнашиши кутилмоқда. 

– Марказий Осиё мамлакатлари минтақада транспорт бўйича ҳамкорликни ривожлантириш борасида қандай чораларни кўрмоқда?

– Айрим маълумотларга кўра, Марказий Осиё мамлакатлари темир йўлларининг узунлиги 22 минг километрга тенг. Қозоғистон энг йирик ва энг кўп фойдаланиладиган темир йўллар тизимига эга, унинг ҳиссасига минтақадаги темир йўлларнинг 66 фоизи ва барча юк ташишларнинг 84 фоизи тўғри келади. Минтақадаги темир йўлларнинг қарийб 18 фоизи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади ва барча ташишларнинг қарийб 11 фоизи мамлакатимиз ҳиссасига тўғри келади. Туркманистон тахминан 12 фоиз минтақавий темир йўлларга эгалик қилади ва барча ташишларнинг 4 фоизини таъминлайди. 

1993 йилда Бельгия пойтахтида Озарбойжон, Арманистон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон иштирокида Брюссель декларацияси қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат Европадан Қора денгиз, Кавказ, Каспий денгизи орқали ўтиб, Марказий Осиё мамлакатларига чиқиш бўйича транспорт йўлагини ривожлантириш мақсадида ЕИ томонидан молиялаштириладиган ТРАСЕКА техник кўмак бўйича минтақалараро дастурининг амалга оширилишини бошлаб берди. 

1996 йилда Марказий Осиё мамлакатларидан Эрон ва Туркия ҳудудлари орқали дунё бозорига чиқиш имконини берадиган янги Трансосиё йўлаги – Тежон-Серахс-Машҳад темир йўли очилди. 

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва дўстона муҳит шароитида транспорт лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. 

Ўзбекистонни хорижий мамлакатларнинг, хусусан, Франкфурт, Милан, Брюссель, Вена, Сарагоса, Осло, Базель, Дубай, Теҳрон, Шанхай каби йирик логистика марказлари билан боғлайдиган “Навоий” халқаро интермодаль логистика маркази фаолияти жадал ривожланмоқда. 

2016 йил 22 июнь куни Ангрен – Поп темир йўли очилди. Ушбу йўналиш Хитой – Марказий Осиё – Европа темир йўлининг муҳим бўғини сифатида Хитойдан Марказий Осиё ва Жанубий Осиё мамлакатларига энг қисқа йўл орқали чиқишни таъминлайди ва Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади. 

2017 йил февраль ойида Тошкент ва Душанбе ўртасида 1992 йилда тўхтатилган авиақатновлар қайта тикланди. 

Шу йилнинг март ойида Тошкент – Олмаота йўналиши бўйлаб тезюрар поездлар ҳаракати, миллий авиаташувчиларнинг қўшимча парвозлари йўлга қўйилди. 

2017 йил сентябрь ойида Ўзбекистон – Қирғизистон чегарасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш пункти фаолияти тиклангани Ўзбекистон ва Қирғизистон тарихида муҳим воқеа бўлди. Бу икки мамлакат ўртасидаги азалий ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади. 

2017 йилда Амударё орқали ўтадиган Туркманобод – Фороб янги темир йўл ва автомобиль кўприклари очилди. Бу юк ташиш ҳажмини 2,5 баробар ошириш имконини берди. Амударё орқали ўтадиган кўприклар юк оқимларини Осиё ва Тинч океани минтақаси, Жанубий Осиё давлатларидан Каспий денгизи, ундан кейин Қора денгиз ва Ўртаер денгизи минтақаси, Европа, Кавказорти, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларига тўғридан-тўғри олиб чиқиш имконини беради. Шунингдек, ушбу кўприклар Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Ўмон транспорт-транзит йўналишининг муҳим бўғини ҳисобланади. 

Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўли қурилиши ҳам фаоллашди. Мазкур лойиҳа ШҲТ макони учун долзарб аҳамиятга эга. Унинг амалга оширилиши лойиҳа иштирокчилари ҳамда Марказий Осиёнинг бошқа барча давлатлари ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш имконини беради. Ушбу темир йўли Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали Шарқий Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларига юк ташиш имконияти яратилиши туфайли Хитой юкларини Европа мамлакатларига етказадиган энг қисқа йўллардан бирига айланади ва бутун Марказий Осиё транспорт-логистика инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилади. 

Жорий йил февраль ойида Марказий Осиёдан илк бор тўғридан-тўғри Хитойга чиқадиган Тошкент – Андижон – Ўш – Иркештом – Қашғар автомобиль йўлаги бўйича қатнов йўлга қўйилди. 

Март ойида Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасида Самарқанд ва Панжикентни бирлаштирувчи “Жартепа” назорат-ўтказиш пункти ишга тушди. Саккизта автомобиль ва битта “Амузанг” темир йўл ўтказиш маскани фаолияти тикланди. Ғалаба – Амузанг – Хушади темир йўл линиясининг ишга туширилиши транзит ташишларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди, Туркманистон ва Афғонистонга чиқиш учун қўшимча имкониятлар яратади. 

Марказий Осиёнинг стратегик келажаги ва истиқболлари минтақанинг ажралмас қисми ҳисобланган Афғонистондаги ҳудудий жараёнларда фаол иштирок этишга бевосита боғлиқ. Афғонистон Президенти Ашраф Ғанининг 2017 йилда Ўзбекистонга ташрифи доирасида "Сурхон – Пули Хумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди. Янги линия Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 70 фоизга ошириш, яъни йилига 6 миллиард кВт/соатга етказиш имконини беради. 

2011 йилда Афғонистондаги илк темир йўл – Ҳайратон – Мозори Шариф линиясини бунёд этган Ўзбекистон ушбу мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришга катта ҳисса қўшмоқда. Истиқболда Афғонистон иқтисодиётини тиклашга хизмат қиладиган "Мозори Шариф – Ҳирот" темир йўлини қуриш лойиҳаси амалга оширилади. Мазкур йўл Ўзбекистоннинг товар айирбошлаш ва транзит имкониятларини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз, натижада эса мамлакатимиз Эрондаги, шу жумладан, Бандар Аббос ва Чобаҳор бандаргоҳларига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга бўлади. 

2017 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида авиақатновлар йўлга қўйилгани муҳим воқеа бўлди. Бу Тошкент аэропортидан Афғонистон самолётларида Германия, Буюк Британия ва Европанинг бошқа мамлакатларига амалга оширилаётган парвозлар учун авиахаб сифатида фойдаланиш имконини беради. 

Афғонистон билан транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда трансафғон йўлаги доирасида янги темир йўлларини барпо этиш истиқболда Марказий Осиёнинг энг қисқа йўллар орқали Ҳинд океани ва Форс кўрфазидаги бандаргоҳларга чиқишини таъминлайди, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёни Европа ва Хитой бозорлари билан боғлайди. 

– Марказий Осиёда халқаро аҳамиятга эга қандай транспорт лойиҳалари мавжуд? Минтақамизда уларга талаб қай даражада?

– Кейинги пайтларда минтақамиз мамлакатлари халқаро транспорт борасидаги имкониятларини кенгайтиришга доир саъй-ҳаракатларини фаоллаштираяпти. Бугунги кунда Марказий Осиё орқали қатор халқаро транспорт йўлаклари ташкил этилмоқда. 

2018-2023 йилларда Хитой ва Ғарбий Европани боғлайдиган "Евроосиё" транспорт йўлагини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ушбу магистрал Пекиндан бошлаб Остона, Москва ва Минск орқали Берлинга қадар давом этади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб ушбу йўлак орқали йилига 37 миллион йўловчи ташилади. 

Яна бир лойиҳа – "Ғарбий Европа – Ғарбий Хитой". Унинг Хитой –Қозоғистон қисми 2016 йилда иш бошлаган бўлиб, Европага элтувчи энг қисқа автомобиль йўли ҳисобланади, бу ерда юк ташиш муддати 10-12 кунни ташкил этади. Лойиҳа 2030 йилга қадар тўлиқ ишга туширилиши кутилмоқда. Йўлак Санкт-Петербург – Москва – Оренбург – Оқтўба – Олмаота – Қорғас орқали ўтади. 

2017 йилда Афғонистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия вакиллари "Ложувард" транспорт йўлагини яратиш тўғрисидаги келишувни имзолади. Унга мувофиқ, темир ва автомобиль йўллари орқали Торкунди шаҳри (Афғонистон) Ашхобод билан ва Каспий денгизидаги Туркманбоши бандаргоҳи билан боғланади. Сўнг йўлак Каспий орқали Бокуга, кейинчалик Тбилиси орқали Анқарага, йўл-йўлакай Поти ва Батуми портларида тармоқланиб, Анқарадан Истанбул ва Қарсга элтади, шу тариқа Европанинг транспорт тизимига уланади. 

Қозоғистон – Туркманистон – Эрон йўлагига келсак, 2018 йил май ойида Хитойдан ушбу йўналишда контейнерли поезд юрди. Ушбу масофани босиб ўтишга 2 ҳафтага яқин вақт кетди, бу денгиз йўлига қараганда ўртача икки баробар тез дегани. 2022 йилга бориб темир йўл орқали юк ташиш ҳажми йилига 15 миллион тоннани ташкил этиши кутилмоқда. 

"Шарқ – Ғарб" лойиҳаси Хитой ва Европа ўртасида транспорт алоқасини йўлга қўйишга қаратилган. Боку – Тбилиси – Қарс темир йўли ушбу транспорт йўлагининг муҳим бўғинидир. Мазкур лойиҳа Туркия ва Европадан Марказий Осиё мамлакатлари, Хитой ва Эронга мунтазам юк ташишни йўлга қўйишда муҳим роль ўйнайди. 

Ўзбекистон ҳам ушбу лойиҳада иштирок этишдан манфаатдор. Президентимизнинг "2018-2022 йилларда транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва юк ташишнинг ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан Боку – Тбилиси – Ахалкалаки – Қарс темир йўли орқали ташқи савдо юкларининг дастлабки транзит ташувларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. 

«Шимол – Жануб» лойиҳасининг очилиши, маълумотларга қараганда, 2020 йилга мўлжалланган. Ушбу транспорт йўлаги Санкт-Петербург бандаргоҳини Эроннинг Бандар Аббос ва Чобаҳор бандаргоҳлари билан боғлайди, шу тарзда денгиз йўли Ҳиндистондаги Мумбай бандаргоҳига қадар узайтирилади. 

Ушбу транспорт йўлаги Эрон орқали Форс кўрфази мамлакатларига юк ташиш жараёнини соддалаштириши туфайли Марказий Осиё учун долзарб аҳамиятга эга. Ҳар йили йўлак орқали 3-5 миллион тонна юкни транзит қилиш имконияти пайдо бўлади. 

Мазкур транспорт йўлаги Ўзбекистон учун ҳам муҳим. Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил июнь ойида Циндао шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Мозори Шариф – Ҳирот, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл линияларини қуриш, шунингдек, Марказий Осиё – Форс кўрфази, "Шимол – Жануб" ва "Шарқ – Ғарб" трансминтақавий йўлакларни ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. 

– Кейинги вақтларда жаҳон экспертлар ҳамжамиятида Хитой томонидан илгари сурилган "Бир макон, бир йўл" ташаббусининг транспортга доир қисми хусусида кўп сўз юритилмоқда. Бу борадаги ишлардан умумий қилиб олганда қандай натижалар кутиш мумкин?

– Эътиборингизни Ўзбекистон "Бир макон, бир йўл" ташаббусини қўллаб-қувватлаши ва унда янада фаол иштирок этишдан манфаатдорлигига қаратишни истардим. Яхши маълумки, "Бир макон, бир йўл" ташаббуси, аввало, савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга, Хитойни жаҳон аҳолисининг 60 фоизи ва ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизи тўғри келадиган 65 дан ортиқ мамлакат билан боғлайдиган янги транспорт йўлларини шакллантиришга қаратилган.

Президентимиз 2017 йил май ойида Пекинда бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" халқаро форумидаги нутқида ушбу лойиҳанинг Марказий Осиё учун долзарблигини алоҳида таъкидлади. Бу, биринчидан, Марказий Осиёда транспорт, савдо, инвестиция, энергетика ва юқори технологиялар соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш, иккинчидан, Марказий Осиёни Хитой ва Россия орқали Жанубий, Жануби-Шарқий Осиё ва Европа мамлакатлари бозорлари билан боғлайдиган транспорт-логистика йўналишларини очиш бўйича ҳамкорлик юзасидан комплекс ҳаракатлар дастури ишлаб чиқишдан иборатдир. 

Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой темир йўлини қуриш ва ишга тушириш "Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасидаги йирик транспорт лойиҳаларидан бўлади. 

"Бир макон, бир йўл"ни инновациялар билан бойитиш, хусусан, Буюк ипак йўлини рақамлаштириш мақсадида рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш ҳам эътиборга молик. 

2017 йилда ўтган "Бир макон, бир йўл" халқаро иқтисодий форуми доирасида ХХР Раиси Си Цзиньпин томонидан илгари сурилган ушбу ташаббус рақамли иқтисодиёт ва рақамли дипломатияга доир миллий тизимларни ривожлантириш, суперкомпьютер марказлари, глобал рақамли дўконлар, "ақлли шаҳарлар"ни ташкил этиш, электрон тижорат ва тиббиётни кенгайтириш, шунингдек, давлатларнинг турли ички сиёсий ва ташқи сиёсий вазифаларини ҳал этишда сунъий онг технологиясидан фойдаланишга қаратилган. 

Бугунги кунда деярли барча ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда транспорт ва логистикага оид рақамли хизматлар жадал ривожланмоқда. 

Ушбу тенденцияни ҳисобга олган ҳолда халқаро конференцияда Марказий Осиё мамлакатларининг автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти тизимларида ахборот технологиялари, рақамли маркетинг хизматларини жорий этиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш режалаштирилган. 

– Ушбу тадбирдан қандай натижалар кутилмоқда?

– Транспорт йўлаклари бўйича халқаро форум мамлакатимизда илк бор ташкил этилаётганини таъкидлаш лозим. Умид қиламизки, Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий транспорт-коммуникация тизимини шакллантириш, транспорт ва логистика соҳаларида янги инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқишга доир саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш юзасидан узоқ муддатли ва кўп томонлама ҳамкорлик учун қулай шароитлар яратишга катта ҳисса қўшади. 

Хорижий давлатларнинг бандаргоҳларига чиқиш мақсадида Марказий Осиёнинг транспорт-транзит имкониятларини кенгайтириш бўйича янги келишилган қарорларни ишлаб чиқиш минтақа учун муҳим ва долзарбдир. 

Бундан ташқари, конференция якунида Марказий Осиё мамлакатлари транспорт коммуникацияларини ривожлантириш бўйича умумминтақавий дастурни имзолаши кутилмоқда. 

Шунингдек, Президентимиз 2017 йил июнь ойида ШҲТ саммитида илгари сурган товарлар ва транспорт воситалари ҳаракатини соддалаштириш масалаларини тартибга солишга, халқаро ташишлар устидан назоратга доир ягона ёндашувни шакллантиришга қаратилган транспортда ташишларни интеграциялашган бошқариш тизимини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббус юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган. 

Абу Бакир Ўрозов, ЎзА
6 594