ЎзА Ўзбек

15.03.2019 21:13 Чоп этиш версияси

Марказий Осиё: Иқтисодий ривожланишнинг янги истиқболлари​

Марказий Осиё: Иқтисодий ривожланишнинг янги истиқболлари​

Тошкент шаҳрида 15 март куни Марказий Осиё биринчи иқтисодий форуми бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор ташкил этилган мазкур йирик форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон ҳукуматлари вакиллари минтақа давлатлари ўртасида иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро савдо ҳажми ва туризм жозибадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди.

Форум очилишида Марказий Осиё мамлакатларида иқтисодий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, экспортни диверсификация қилиш, етакчи тармоқларда технологик ва инновацион ечимларни топиш каби долзарб масалаларни ҳал этишда минтақавий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

– Сўнгги йилларда Марказий Осиёда ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик муносабатлари кучайди, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Э.Ғаниев. – Транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларидаги алоқалар ривожланмоқда. Хусусан, 2018 йилда минтақада ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 35 фоизга ўсган. Шунга қарамай, савдо-иқтисодий соҳада эришилган натижалар мамлакатларимиз салоҳиятига мос эмас.

e761289f-b0ed-408b-b5d0-8ea68672e787.jpg

Қайд этилганидек, минтақа мамлакатлари олдида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, транзит имкониятларини кенгайтириш ва транспорт марказларини ривожлантириш учун янада қулай шарт-шароит, зарур инфратузилмаларни яратиш каби вазифалар турибди.

Форумда минтақа давлатларига денгиз портлари ва халқаро бозорларга чиқиш имконини берадиган транспорт ва логистика тизимларини такомиллаштириш, мавжуд туристик салоҳиятдан самарали фойдаланиш ҳисобига сайёҳлик тармоғининг иқтисодиётдаги улушини ошириб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Минтақа давлатлари раҳбарлари ташаббуси билан халқаро транспорт йўлакларини кенгайтиришга доир саъй-ҳаракатлар фаоллашди, – деди Туркманистон молия ва иқтисодиёт вазири ўринбосари Э.Аннамуҳаммедов. – Шу билан бирга, Марказий Осиё орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлаклари ҳам ташкил этилмоқда.

2017 йилда Афғонистон, Туркманистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия "Ложувард" транспорт йўлагини яратиш тўғрисидаги келишувга эришди. Унга мувофиқ, автомобиль ва темир йўллари орқали Торкунди шаҳри (Афғонистон) Ашхобод ва Туркманбоши шаҳарлари билан боғланади. Шу тариқа йўлак Европанинг транспорт тизимига уланади.

452a88d6-a8be-4dab-b1bd-03a8fa1587ad.jpg

Форум шуъба мажлисларида кўп томонлама савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, Марказий Осиёнинг сайёҳлик жозибадорлиги, транспорт ва транзит салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ўрганилди. Хусусан, Ўзбекистон томони Марказий Осиёда “Шенген”, “Ипак йўли” визаларини жорий қилиш ҳақидаги ташаббусни илгари сурди. Қозоғистон вакиллари минтақада инвестициявий муҳитни яхшилаш, космик соҳадаги ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифини билдирди.

– Глобал иқтисодиётда савдо урушлари авж олаётган бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари, аввало, минтақавий инвестиция муҳитини яхшилаш стратегиясини ишлаб чиқиши лозим, – деди Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Ж.Касимбек. – Ушбу вазифа минтақанинг халқаро савдо имкониятларини ошириш борасида аниқ чора-тадбирларни белгилаб олиш имконини ҳам беради.

Форумда минтақадаги мавжуд эркин иқтисодий зоналарда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида қўшма корхоналар очиш, халқаро транспорт йўлакларини кенгайтиришга қаратилган ташаббуслар илгари сурилди.

Марказий Осиё биринчи иқтисодий форуми доирасида минтақа мамлакатлари ишбилармон доиралари кооперацион биржаси, шунингдек, “Ўзэкспомарказ”да миллий ишлаб чиқарувчилар кўргазмаси ташкил этилди.

Форум якуни бўйича томонлар қўшма баёнот имзолади.

Малоҳат ҲУСАНОВА, ЎзА мухбири
4 728