ЎзА Ўзбек

26.11.2018 16:15:22 Чоп этиш версияси

Марказий Осиё форумида Ўзбекистондаги кичик трансчегаравий дарёлар гапирилди


Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) ҳамда USAID ҳамкорликда Smart Waters (“Сув. Таълим. Ҳамкорлик”) мавзусидаги халқаро форум давом этмоқда.

Рустам Жабборов,
ЎзА учун махсус Бишкек шаҳридан
Қирғизистон

Форумда Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи кичик трансчегаравий дарёлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтилди.

Маълумки, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча республикалари билан чегарадош бўлган ягона мамлакат. Амударё, Сирдарё, Зарафшон сингари йирик дарёлар қатори бир қатор кичик сув иншоотлари ҳам юртимиз ҳудудидан оқиб ўтади. Айни пайтда мамлакатимиздаги мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан мазкур иншоотлардан миллий ва халқаро меъёрий ҳужжатлар доирасида фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Форумда сўзга чиққан Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Сайдулла Меҳмонов мамлакатимиз ҳудудидан оқиб ўтувчи Подшо-ота дарёси сувидан оқилона фойдаланиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб берди.

Таъкидлаш жоизки, 130 километр узунликдаги бу дарё Қирғизистон ҳудудидан бошланади. Наманган вилоятининг Чортоқ ва Янгиқўрғон туманлари ҳудудидан оқиб ўтади ва мамлакатимизга тегишли бўлган 24 минг гектар экин майдонини сув билан таъминлайди. 

– Жорий йилнинг июль ойида дарёнинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтувчи қисмидан унумли фойдаланиш мақсадида Кичик ҳавза кенгаши ташкил этилди, – дейди анжуман иштирокчиси, мазкур кенгаш котиби Нурмамат Худойбердиев. – Айни пайтда қирғизистонлик қўшнилар билан тез-тез учрашиб, умумий бойлигимиз бўлган ушбу дарё сувидан ўзаро келишув асосида, тежамкорлик билан фойдаланиш бўйича фикр алмашиб турамиз.

Форум иштирокчиларига Бухоро вилоятининг Қоракўл тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Ёмонжар канали ҳақида ҳам маълумот берилди. Амударёдан сув оладиган ушбу канал 1973 йилда қазилган, унинг дастлабки 6,2 километри Туркманистондан, 26,3 километри Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтади. 

– Биз ушбу сув иншоотидан фойдаланишда туркман қўшниларимиз билан яқиндан ҳамкорлик қиламиз, – дейди Аму-Бухоро канали ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси раисининг биринчи ўринбосари Тўлқин Давронов. – Айни пайтга қадар бу сув иншоотидан фойдаланишда бирор келишмовчилик юзага келмаган. Бугунги кунда мавжуд экологик вазият, иқлим ўзгаришлар сув ресурсларидан ўта эҳтиёткорлик билан фойдаланишни талаб этмоқда. Шу боис канал ҳавзасида замонавий сув қурилмаларини ўрнатиш, сувнинг ҳар бир кубометрини назорат қилиш бўйича зарур чораларни кўряпмиз. 

Форум доирасида ташкил этилган кўргазмада мазкур сув иншоотларимиз ҳақидаги маълумотлар акс этган стендлар, видеолавҳалар, фотосуратлар намойиш қилинди.​​