ЎзА Ўзбек

06.08.2020 Чоп этиш версияси

Марказий Фарғона чўлларида янги уйлар қурилмоқда

Марказий Фарғона чўлларида янги уйлар қурилмоқда

Фарғона вилоятида аҳолини, хусусан, эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш йўлида аниқ тадбирлар ишлаб чиқилган. Жорий йилда 10 минг 140 та ёки ўтган йилга нисбатан уч баробар кўп уйлар бунёд этилмоқда.

Фарғона аҳоли зич жойлашган ҳудудлардан бири бўлиб, ҳар бир қарич ер ҳисоб-китобли. Шу боис бугунги кунда уй-жой мавзелари Марказий Фарғона чўллари ҳудудида қад ростламоқда. Бу уйлар кам таъминланган, ногиронлиги бўлган ва муҳтож оилаларга берилади. Албатта, бу ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш ва одамлар учун муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Жорий йилнинг ўзида қумлоқ барханлар, ўзлаштирилмаган ерларда 1 минг 400 та якка тартибдаги ҳар бири олти сотих ерга эга намунали лойиҳа асосида уйлар қурилади. Бугунгача фойдаланишга топширилганларида уй тўйлари нишонланди. Олтиариқ туманининг Марказий Фарғона чўлларидаги ерларда ҳам қурилиш ишлари қизғин.

– Корхонамиз томонидан 10 та уй қурилмоқда, – дейди “Элит қурилиш барака инвест” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Нурафшон Азимов. – Айни дамда том ёпиш якунланмоқда. Мустақиллик байрамигача улардан 5 тасини эгаларига топширамиз.

Мазкур уйлар ҳукумат қарорига кўра, ипотека кредити асосида берилади. Яъни, оила уйнинг умумий нархидан дастлабки ўн фоизини тўлайди. Қолган 90 фоизи эса 20 йиллик кредитга берилади.

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев чўл массивида қурилаётган уйлар, қурувчи-мутахассислар билан учрашди, улар билан суҳбатда бўлди.

– Мен Россияда бир неча йилдан буён қурувчи бўлиб ишлар эдим, –дейди Одилжон Мирзажонов. – Қишда уйга, оилам бағрига қайтдим. Лекин пандемия сабаб Россияга қайтиб кетолмадим. Ўзим пардозлаш ишлари бўйича яхшигина мутахассис эдим. Яқинда маҳалла раиси чақириб сенга иш бор, қурилишга борасанми, деди. Мана энди уйлар қурилишида ишлаяпман. Ойлик иш ҳақим Россиядагидан кам эмас. Қолаверса, оилам бағридаман.

Коронавирус пандемияси сабабли вилоятда турли давлатларда мигрант сифатида ишлаган минглаб киши ишсиз қолган. Қурувчилик соҳасида малакага эга бўлган 39 минг нафари ҳозирга қадар қурилиш объектларида ишга жойлашди.

– Корхонамиз ўзининг ишчи хизматчилари учун Марказий Фарғонада 50 та якка тартибдаги 6 сотихли уй-жой қурмоқда, –дейди “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти директори Дилшоджон Жалилов. – Касаба уюшмалари билан келишган ҳолда уйнинг дастлабки 10 фоизли тўловини ўзимиз тўлаб берамиз. Қолган қисмига 20 йиллик кредит расмийлаштирилади.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ерда ҳам қурувчилар ва бўлажак уй эгалари билан учрашиб, суҳбатлашди. Қурувчи ва талабгор оилалар вакилларининг барча саволларига жавоб берган ҳолда ўртага қўйилган масалаларга ечим топди.

photo_2020-08-06_11-06-37.jpg

2 778
М.СУЛАЙМОНОВ, ЎзА