Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

04.07.2018 13:06 Чоп этиш версияси

Маърифий тарғибот ишида янгича ёндашув зарур

Бугун аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида амалга оширилаётган маърифий тарғибот ишлари нечоғли самара бермоқда? Бундай тадбирларнинг қамровини кенгайтириш ва таъсирчанлигини янада ошириш учун нима қилиш керак?

Жиззахда “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида ўтказилган семинарда шу мавзуга дахлдор бошқа масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Семинарда ўтказилаётган тарғибот тадбирлари кўп ҳолларда таълим муассасалари билан чекланиб қолаётгани, энг муҳими, маъруза ва суҳбатларнинг таъсирчанлиги паст бўлаётгани таъкидланди. Бинобарин, маърифий тарғибот ишларига аҳолининг барча қатлами қамраб олинмаяпти, кўзда тутилган самарага эришилмаяпти. Бундан ташқари, тарғиботчиларнинг ҳаммаси ҳам ўртага ташланган мавзуни тўлиқ очиб берадиган билим ва малакага эга эмас. Ҳаммасига интернетни айбдор қилиб кўрсатиш, назоратни кучайтиришга чақириш каби сийқаси чиққан даъватлардан воз кечадиган вақт келди.

– Давлатимиз раҳбари томонидан экстремизм ғоялари таъсирига адашиб тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, соғлом ҳаётга қайтаришда инсонпарварлик, кечиримлилик ва бағрикенглик тамойиллари асосида иш тутиш вазифаси қўйилаётгани бу йўналишдаги ишларга янгича ёндашувни тақозо этмоқда, – дейди вилоят ҳокими ўринбосари Э.Исматов. – Бу соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олишда маъмуриятчиликка эмас, жамоатчиликнинг таъсирини кучайтириш, ўзаро ишонч ва ҳурмат туйғуларига урғу бериш самарали эканини асосий йўналишга айлантириш керак. Ушбу семинарни аҳоли ўртасида маърифий тарғибот билан доимий ва бевосита шуғулланаётган фаоллар иштирокида ўтказишдан кўзланган мақсад ҳам шу – маърифий тарғибот ишини бугунги кун талабига мос ташкил этиш. 

Муҳокамада иштирок этган маҳалла фуқаролар йиғини раислари, диний-маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар қўмиталари, профилактика инспекторлари, Ёшлар иттифоқи етакчилари, имом-хатиблар, отинойилар, таълим муассасаларининг маънавият ишлари бўйича масъуллари тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга тўсиқ бўлаётган сабаблар ва уларни бартараф этиш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирди. 

Т.Бекназаров, ЎзА
2 948