ЎзА Ўзбек

26.01.2020 Чоп этиш версияси

Маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаётий эҳтиёжимизга айланиши зарур

Маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаётий эҳтиёжимизга айланиши зарур

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатномасида 2020 йилга яхши ниятлар билан “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни таклиф этилди. Бу халқимизнинг дилидаги таклиф бўлганлиги боис ҳам қўллаб-қувватланди.

Мурожаатномада Президентимиз “Нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият керак. Илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш бўлади”, деган пурмаъно фикрни қайд этди.

Дарҳақиқат, қайсики миллат, қайсики халқ ўз озодлигини, эркинлигини қўлдан берган бўлса – бунга, энг аввало, илм-маърифатга, юксак маънавиятга эътиборсизлик сабаб бўлган.

Инсонлар онгидаги бойликка ҳирс қўйиш, уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва миллатчилик кайфиятининг ўсиб бориши, давлат-жамият ва халқ тараққиёти, фаровонлигидан кўра шахсий манфаатларини устун қўйилиши ҳам пировард натижада таназзулга сабаб бўлган. Бундай кайфиятнинг шаклланишига эса, энг аввало, илмсизлик ва маърифатсизлик, маънавий бузуқлик йўл очади.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Юртбошимизнинг юқорида билдирилган фикрлари ривожланган ҳуқуқий-демократик давлат, маърифатли жамият барпо этиш мақсадини кўзлаган давлатимиз, фаровон турмуш барпо этиб, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш ниятини мақсад этган халқимиз учун нақадар юксак аҳамиятга эга.

Юртбошимиз шарқ донишмандларининг ғояларига таяниб қайд этганларидек, “Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм.Энг катта мерос – бу яхши тарбия.Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”.

Ҳақиқатдан, инсон тинимсиз ўқиш, изланиш амалий тажриба орттириш орқали юксалиб боради. Буюк ишларга, ихтироларга илм ва ақл-заковат орқали эришади.

Бунинг илдизи оилада бўлиб, яхши тарбия олган фарзанд улғаяр экан, одоб-аҳлоқи билан бошқаларга ўрнак бўлади. Натижада тарбия берган ота-онасига раҳмат олиб келади. Тарбияли инсон жамият ва давлат тараққиётига хизмат қилади.

Билимсизликнинг оқибати эса аянчли. Билимсиз кишининг нафақат ўзгаларга, балки ўзига ҳам фойдаси тегмайди. Бир ишни уддалай олмагач, жамиятнинг янгиланиш ва бунёдкорлик ишларига соя солади, тўсиқ бўлади. Билимсизлик оқибатида эътиборсизлик, лоқайдлик, масъулиятсизлик каби иллатлар урчийди. Шу боис, билимсизлик ўта қашшоқликдир.

Президентимиз таъбири билан айтганда, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш ҳаммамиз учун узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Худоёр Маматов,
юридик фанлари доктори, профессор.

2 330
ЎзА