ЎзА Ўзбек

31.08.2018 12:15 Чоп этиш версияси

Маърифат ва тараққиёт чорраҳасидаги шуъла

Маърифат ва тараққиёт чорраҳасидаги шуъла
Китоб жамики эзгулик ва тўкисликлар асосидир. Шу боис, яхши китоб – жон озиғи, дейилади. 

Президент қарори асосида китоб нашр этиш ва молиялаштириш чоралари амалиётга татбиқ этилмоқда. Китоб нашр этиш ва унинг савдоси билан шуғулланувчиларга имтиёзлар берилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар замирида, аввало, миллат маърифати масаласи турибди.

Мамлакатимизда 140 дан ортиқ нашриёт, 450 дан зиёд китоб савдоси мажмуаси, 2 мингга яқин босмахона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг ҳар бири ихтисосликка эга.

Азимбой Бобониёзов, 
“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи бош муҳаррири:

– Нашриётимиз, аввало, сиёсий адабиётларни чоп этади. Шу билан бир қаторда адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, тарихий, илмий адабиётлар, дарсликлар, турли тўпламларни ҳам нашр этаяпмиз. Бугун китоб савдоси тизими мукаммал йўлга қўйилган.

Китоб ўқувчилар қўлига етиб боргунча қатор жараёндан ўтади. Муаллиф ёзади, сўнг уни қайсидир газета, журналда эълон қилади. Асар қўлёзмасини нашриётга топширади. Бу ерда муҳаррир таҳриридан ўтади. Техник муҳаррирлар билан биргаликда китоб бичими ишлаб чиқилади, унга безак бериш учун рассомлар жалб этилади. Муқова тасдиқлангач, яна бир бор муҳаррир назаридан ўтади. Шу тариқа босмага тайёр бўлади.

Китобни қадрлаш, уни асраб-авайлаш ҳақида гап кетганда илк халқ кутубхонасининг асосчиси Фенкор ҳақида эслаш жоиз. Унинг талаби билан китоб варақларини буклаган кишиларга нисбатан жазо қўлланилган. Қонунга кўра, айбдорлар жазоланган ёки 7 йил қамоққа ҳукм қилинган. 

Бугунги кунда республикамизда китоб маҳсулотлари тарғиботини янада кенгроқ амалга ошириш, аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг китобга қизиқишини ошириш мақсадида чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар, аввало, яхши китобни тарғиб қилишни назарда тутиш баробарида, нашриёт ходимларига, хусусан, муҳаррирларга катта масъулият юклайди.

Манзар Абдулхайров, 
“Ўзбекистон миллий энциклопедияси” 
давлат илмий нашриёти бош муҳаррири:

– Муҳаррир қўлёзма маъноси, мағзини муаллиф даражасида англаши керак. Акс ҳолда, таҳрир жараёнида тушунмовчилик, ғализлик, нуқсонлар юзага келиши мумкин. Шу боис, муҳаррир муаллиф билан мулоқотда бўлиб, фикру фитратини билиши, ҳис қилиши шарт. Таҳрирда фақат орфография, имло қоидалари назарда тутилмайди. Жараён ғоявий таҳрир, кераксиз ўринларни қисқартириш, аниқлик киритиш ёки тўлдириш каби ҳолатлар билан ҳам боғлиқ.

Бугун халқимизнинг бадиий асарга эҳтиёжи тобора ортмоқда. Китоб адади ҳам талаб ва эҳтиёжга асосланиб белгиланади. Баъзи китоблар расталарда ойлаб, йиллаб қолиб кетади. Бу манзара мутахассислар томонидан муҳокама қилинади, сабаблари ўрганилади. Шу тариқа кейинги фаолиятимизга йўл очилади.

Умиджон Холиқов, 
“Шарқ зиёкори” китоб дўконлар тармоғи директори:

– Мамлакатимизда китобхонлик даражаси юксалиб бормоқда. 2017 йили Президентимизнинг китобхонлик маданиятини ривожлантириш борасидаги қарори бу борада, айниқса, аҳамиятли бўлди. 

Халқимиз маънавиятини ошириш учун бугун қандай китоблар керак, деган саволга жавоб изланди, сўровлар ўтказилди. Нашриёт китобни чоп этгандан сўнг уни китобхонга етказиб бериш савдо-сотиқ ходимларига юклатилган. Шу боис, биз талаб ва истакларни ўрганиб чиқамиз, бугунги кун талабини яхши биламиз. Нашриётларга китобхонлар эҳтиёжи ҳақида маълумот берамиз.

Бугун халқимиз орасида китоб совға қилиш эзгу анъанага айланди. Зеро, китоб мутолааси инсонни яхшилик сари чорлайди, тараққиётга хизмат қилади.

Фарҳод Умаров,
журналист

ЎзА
2 818