Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

23.04.2018 08:05 Чоп этиш версияси

Маърифат ва маънавият — метиндек мустаҳкам қалқон

Маърифат ва маънавият — метиндек мустаҳкам қалқон Ҳеч эътибор берганмисиз, оддий данакдан тортиб тухумгача, ёнғоқдан кокос мевасигача, ҳатто Ер шарининг ҳам ўз қобиғи бор. Нега? Чунки пўстлоқ мағиз ва меваларни чанг-ғубордан, турли ҳашаротлардан асрайди. Сайёрамизни ўраб турган ҳаво қобиғи эса она заминизни бало-офатлардан, ультрабинафша нурлардан, астероидлардан ҳимоя қилади.

Хўш, табиатнинг бу илоҳий мўъжизаларини ҳар куни, ҳар қадамда кўрамиз, кузатамиз-у нега бундан хулоса чиқариб яшамаймиз? Бутун борлиқ, атрофимиздаги олам бизга қандай яшашни, ёшларга қай йўсинда тарбия беришни, уларнинг турли таҳдидларга қарши маънавий иммунитетини оширишдан сабоқ бераётгандек гўё.

Аждодларимиз фарзанд таълим-тарбиясига миллат келажаги учун қайғуриш, бахтли-саодатли умр кечириш, ўзгаларга тобе бўлишдан ҳимояланиш, бир сўз билан айтганда, ҳаёт-мамот масаласи сифатида қараган. Бунинг натижасида маърифат ва маънавият, маданият тарбиянинг метиндек мустаҳкам қобиғига айланиб, буюк мутафаккирлар етишиб чиққан.

Бугунги шиддаткор ахборот асрида, мафкура полигонлари ядро полигонларидан ҳам кўпроқ кучга эга бўлиб бораётган, инсон онгу шуурини эгаллашга уринишлар кучайган бир пайтда ёшларни ижтимоий тармоқларнинг хавфу хатаридан қай тарзда асраган маъқул?

Ҳушёрлик ҳамиша зарур

Буюк давлат арбоби Маҳатма Ганди: “Уйимизга тоза ҳаво кириши учун деразаларни очсак, шабада билан бирга чанг, ғубор ва довуллар ҳам ёпирилиб кириб келади. Бизни безовта қилади, ҳатто талафот ҳам етказиши мумкин”, деган эди.

Дарҳақиқат, бугунги дунёда кечаётган интеграциялашув жараёнида ахборот оқимлари шу қадар кўпайиб кетдики, ўсмирлар у ёқда турсин, ҳатто ақлу ҳушини йиғиб олган кишилар ҳам интернетдаги хабарларнинг қайси тўғрию қайсиси нотўғри эканини ажратишга қийналишяпти. Бундай шароитда катта тажрибага эга кишилар ёшларга йўл-йўриқ кўрсатишлари мақсадга мувофиқдир.

Тарбияда бўшлиқ бўлмасин

Психологларнинг таъкидлашича, ўсмирлик болалик даври тугаб, катта ҳаёт остонасига қадам қўйишнинг, унга мослашишнинг мураккаб палласи ҳисобланаркан. Шу боис ҳар бир ота-она фарзандига жуда катта маънавий далда бўлиши керак. Қанийди оталар ўғиллари билан, оналар эса қизлари билан яқин дўст, ҳамфикр, сирдош бўлишса. Афсуски, айрим оила бошлиқлари ўғилларининг тарбиясини уй бекасининг зиммасига юклаб қўя қолишади. Ўзлари эса чойхонадан бери келишмайди. Бу нотўғри. Ахир, ўғилга бериладиган тарбияни она, қизга бериладиган тарбияни эса ота эплай олмайди-ку.

Дарвоқе, вояга етмаганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар таҳлил қилинганида, уларнинг аксарияти оиласида ота ёки онанинг меҳрига тўймай ўсаётгани, уларнинг тарбиясидан бебаҳра улғаяётгани аёнлашди.

Энди бир тасаввур қилиб кўрайлик. Бола ўзи муҳтож бўлган нарсаларни оиласидан — бобоси-бувиси, ота-онаси, ака-укасидан тополмаса бошқа жойдан қидиришга уринади. Маънавиятидаги бўшлиқни тўлдириш илинжида кўчага чиқиб “дўстлар” орттиради. Табиийки, ҳали яхшилик ва ёмонликни, эзгулик ва ёвузликни, оқу қорани ажрата ололмайдиган ўсмир яхши гапирган одамнинг пинжига киради. Шуниси жуда хавфли.

Хулоса

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида: “Бугунги тез ўзгараётган дунё инсоният олдида, ёшлар олдида янги-янги, буюк имкониятлар очмоқда. Шу билан бирга, уларни илгари кўрилмаган турли ёвуз хавф-хатарларга ҳам дучор қилмоқда. Ғаразли кучлар содда, ғўр болаларни ўз ота-онасига, ўз юртига қарши қайраб, уларнинг ҳаётига, умрига зомин бўлмоқда.

Бундай кескин ва таҳликали шароитда биз ота-оналар, устоз-мураббийлар, жамоатчилик, маҳалла-кўй бу масалада ҳушёрлик ва огоҳликни янада оширишимиз керак. Болаларимизни бировларнинг қўлига бериб қўймасдан, уларни ўзимиз тарбиялашимиз лозим”, дея таъкидлаган эди.

Дарҳақиқат, тарбияда танаффусга асло ўрин йўқ. Бунинг учун энг самарали йўл ёшлар ўртасида китоб мутолаасига иштиёқни кучайтириш керак. Қўлида смартфон ёки планшет эмас, китоб тутган боланинг дунёқараши кенг, тафаккури юксак бўлади, турли ўйинлар гирдобига тушмайди. Зеро, теран тафаккурли, маърифатли ва юксак маънавиятли авлодни ҳеч ким енга олмайди.

Толибжон Низомов, ЎзА
5 055