ЎзА Ўзбек

11.06.2019 19:32 Чоп этиш версияси

“Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг тақдимоти

“Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг тақдимоти

Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида ташкил этилган “Маърифат” тарғиботчилар жамиятининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ижодкор зиёлилар, олимлар, педагоглар, фаол ёшлар иштирок этган тадбирда жамиятнинг тарғиботчи аъзоларига кўкрак нишони ва аъзолик гувоҳномаси топширилди, турли вазирлик, идоралар, ижодий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш маросими ўтди. 

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари А.Қодиров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, Фанлар академияси вице-президенти Б.Абдуҳалимов, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Р.Қурбонов ва бошқалар мамлакатимизда ёшлар маънавиятини юксалтириш, маънавий-маърифий ишларни замон билан ҳамоҳанг йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидлади. 

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 3 майдаги "Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори соҳага оид амалий ишларнинг натижадорлигини таъминлашни кўзлаши билан аҳамиятлидир. 

14.jpg

Ушбу ҳужжатга кўра, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида "Маърифат" тарғиботчилар жамияти нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида таъсис этилди. Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш, мамлакатимизда барча жабҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари, давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш ушбу ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. 

"Маърифат" тарғиботчилар жамиятида ҳозирги кунда барча вазирликлардан тавсия қилинган номзодлар, давлат ва жамоатчилик вакиллари, олимлар, мутахассислар, ижодкор зиёлилардан иборат махсус тарғиботчилар гуруҳи шакллантирилмоқда. 

Шу билан бирга тарғиботчиларни республика миқёсида маънавий-маърифий тарғибот ва ташвиқот ишларига жалб этиш, соҳага янгича ёндашувни татбиқ қилиш, уларни молиявий ва маънавий рағбатлантириб бориш, меҳнатини муносиб қадрлаш ҳамда “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” кўрик танлови, “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига тавсия этиш тизими йўлга қўйилди. Шунингдек, маънавий тарғибот ишларининг сифати ва самарадорлигини оширишга доир анжуманлар, семинарлар, "Маънавият фестивали", "Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси" танлови ва бошқа ижодий-ижтимоий лойиҳаларни юқори савияда ташкил этиш каби вазифалар белгиланган. 

Тадбирда “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида нашр этилган “Ёш ота-она китоби”, “Бахтли бола маънавияти” ҳамда “Маънавиятшунослик” китоблари тақдимоти ўтказилди. 

8.JPG

10.JPG

11.JPG

Назокат УСМОНОВА, Фарҳод АБДУРАСУЛОВ олган суратлар, ЎзА
5 010