ЎзА Ўзбек

05.03.2020 Чоп этиш версияси

Маърифат чироғи ёнган ерда одам йўлдан адашмайди

Маърифат чироғи ёнган ерда одам йўлдан адашмайди

Жамият ва оилада соғлом, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит ҳамда тинчлик, тотувлик, осойишталикни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий механизми яратилди.

Давлатимиз раҳбарининг “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони шу мақсадда қабул қилинди.

Мазкур фармон асосида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташкил этилди.

Янги вазирлик олдида турган долзарб масалалардан бири – бу аҳолининг маънавий, маърифий, ҳуқуқий онги ва билимини оширишдир. Зеро, маърифат чироғи ёнган ерда одам йўлдан адашмайди

Шу мақсадда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Олий суд ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Ҳамкорлик доирасида Олий суд томонидан янги вазирликка 220 дона китоб совға қилинди.

Китоблар “Cудга мурожаат қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят бериш тартиби”, “Ворислик ҳуқуқи”, “Оила-муқаддас даргоҳ”, “Ўзбекистонда мерос ҳуқуқи”, “Меҳнат ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низолар”, “Фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат қилиш тартиби”, “Кўчмас мулк ва мулк ҳуқуқи” каби номлар остида чоп этилган амалий қўлланмалардир.

Бу китобларни ўқиб-ўрганиш орқали аҳоли судларга мурожаат қилиш тартибини, ариза ёки даъво аризаси ёзиш қоидаси каби ҳаётда керак бўлиши мумкин бўлган ҳуқуқий билимларга эга бўлади.

Бундан ташқари, Олий суд ташаббуси билан яратилган“Фарзанд омонат” ва “Ота” номли қисқа метражли фильмлар туширилган дисклар вазирликка тақдим этилди. Бу киноасарлар ажримларнинг олдини олишга хизмат қилиб келмоқда.

Китоб топшириш маросимида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Э.Баситхонова ва Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий ажралишларнинг олдини олиш, аёллар ва болалар ҳуқуқларини кафолатли ҳимоя қилиш борасида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, келгусидаги вазифалар тўғрисида фикр билдирди.

1 990
Муаттар РЎЗИБОЕВА, ЎзА