ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:23 Чоп этиш версияси

Маърифат байрами

Жорий йилнинг 29 октябрь – 2 ноябрь кунлари Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib – 2012” миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Матбуот ва ахборот агентлиги, “Ўзархив” агентлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу мутолаа ва заковат байрамига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ёшларни юксак билимли ва салоҳиятли этиб тарбиялаш, уларни миллий менталитетимиз учун ёт ғоялар, «оммавий маданият»нинг зарарли таъсирларидан ишончли ҳимоялаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси учун муҳташам бино барпо этилиб, китобхонлар учун замонавий қулайликлар яратилгани ана шу эзгу ишларнинг амалий ифодасидир.

Мазкур зиё масканида бўлиб ўтадиган “Infolib – 2012” миллий ахборот-кутубхона ҳафталигидан кўзланган асосий мақсад халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш ва тарғиб этиш, уларнинг ахборот-коммуникация соҳасига доир билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, маърифат масканлари фаолиятини янада ривожлантиришдан иборат.

Бугунги кунда 6,5 миллиондан зиёд китоб захирасига эга ушбу кутубхона 25 мингга яқин китобхонга хизмат кўрсатмоқда. Бу ерда фойдаланувчиларни рўйхатдан ўтказиш ва адабиётларни бериш, ўқиш заллари, маълумотнома-ахборот хизмати кўрсатиш, ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш, сканерлаш ва рақамлаштириш, миллий библиография маълумотлари базасини шакллантириш каби йигирмага яқин хизмат турлари мавжуд.

– Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор самарасида маърифат масканимиз фаолияти тубдан ўзгарди, – дейди кутубхонанинг ўқиш заллари хизмати раҳбари Умида Тешабоева. – Соҳага жорий этилаётган илғор ахборот-коммуникация технологиялари зарур адабиётларни, турли маърифий ахборотларни жуда қисқа фурсатда излаб топиш имконини беради. “Infolib – 2012” маърифий ҳафталигида ҳам замонавий ахборот-кутубхона имкониятлари ҳақида китобхонлар, айниқса, ёшларни бохабар этиш, уларни мавжуд қулайликлар билан яқиндан таништиришга алоҳида эътибор қаратилади.

Ҳафталик доирасида таниқли ёзувчи ва шоирлар, мусаввир ва режиссёрлар, маданият ва санъат намояндалари, жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашувлар бўлиб ўтади. “Кутубхона: замон ва макон оша” давра суҳбати ҳамда “Фойдаланувчилар сари яна бир қадам” мавзуидаги илмий конференция ахборот-кутубхоначиликни ривожлантириш, бу йўналишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан унумли фойдаланиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Кутубхонадаги китоблар музейига ташкил этиладиган экскурсия ёшларни нодир ва қадимий адабиётлар билан таништирса, нашриёт ва китоб савдоси соҳасидаги ташкилотлар иштирокидаги кўргазма-ярмарка янги китоблар, альбомлар, турли босма нашрлар ҳақида кенг маълумотга эга бўлиш имконини беради.

Китобхонлик байрами доирасида ўқувчи-ёшларнинг билимини бойитиш, китобхонлик кўникмаларини ривожлантиришга оид маҳорат сабоқлари ҳам ўтказилади. Моҳир мусаввир ва фотоижодкорлар асарларидан иборат кўргазмалар, “Энг яхши видео лавҳа”, “Тезкор қидирув”, “Адабиёт билимдони”, “Мусиқа санъати билимдони” каби ижодий танловлар, “Буюртма – 2013” маърифий акцияси, янги асарлар тақдимоти, кутубхона видеофондидаги фильмлар намойиши маърифат ҳафталигига янада ранг-баранглик бағишлайди.


ЎзА, Назокат Усмонова, Ёлқин Шамсиддинов (сурат)
13 215