ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

Мардикорлардан хабар олувчи борми?

Мардикорлардан хабар олувчи борми?

Кунлик пул топиб, рўзғор тебратиб юрган юртдошларимиз ҳолидан хабар олинг;

Мутасаддилар мардикорларга ёрдам беради, деб умид қиламиз;

Киракашлар ҳали ҳам инсофга келмадими?..


Карантин туфайли ҳаёт тарзимиз бутунлай ўзгариб кетди. Кундалик иш ва бошқа одатларни тарк этиб, уйда қолишга, вирус тарқалмаслигига ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз.

Ўз уйи, яшашга маблағи борлар учун карантин катта синов эмас. Зерикишни амаллаб енгиш мумкин. Телевизор, китоб, интернет, дегандай...

Аммо кунлик ризқини кўчада топиб юрган оддий одамларнинг ҳоли не кечдийкин?

Карантин бошлангандан бери шу савол менга тинчлик бермайди.

Сир эмас, мардикорлик билан кўпинча вилоятлардан келиб шуғулланишади. Карантин муносабати билан кўпчиликнинг ўз уйига қайтгани ҳақидаги хабарлар бироз таскин берган эди. Боришса, маҳалла-кўйи уларни ташлаб қўймайди, деб умид қилгандим.

Бироқ, мардикорларнинг ҳаммаси ҳам кета олмаганини эшитиб, кўнглим қоронғу тортди.

– “Қўйлиқ” бозори томонга иш билан борган эдик, -дейди Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази раисининг ўринбосари Шоҳида Қосимова. – На ўз уйига кета олмаган, на иш топиб, кунини амаллаб ўтказишга пул топа олмаётган мардикорларни учратдик. Уйларига кетай дейишса, йўлкира нархи қимматлик қилган. Қўлидаги телефон аппаратларини сотиб кун кўриб юрганлар бор экан.

Ҳақиқатан, бундай кишиларнинг қийналиб қолиши турган гап эди. Наҳотки уларга ҳеч ким эътибор қаратмаган бўлса? Карантин шароитида кўрилаётган чора-тадбирларда мардикорлар эътиборга олинмаган бўлса?

Фарғона вилояти Сўх тумани “Сариканда” қишлоғидан Тошкент шаҳрига келиб, мардикорлик қилиб юрган Фарҳод Хўжаев билан суҳбатлашганимизда, у карантин бошланганидан бери иш кескин камайиб кетганини маълум қилди.

- Шунга қарамай, кунлик иш қилиб пул топиш илинжида эркакгу аёл мардикор бозорига чиқмоқда, — дейди Фарҳод. – Тўғри, кўпчилик ўз уйига кетди, лекин қолганлар ҳам кам эмас. Кета олмай қолганлар қўли юпқалик қилиб, йўлкирага ҳам пул топа олмаганлар. Аммо кетмаганимиз билан ҳам бу ерда ҳам яшаш керак. Ижарага тўлаш, озиқ-овқат сотиб олиш зарур. Бу ҳам йўққа чиқмоқда иш йўқлиги туфайли. Кеча уч-тўрт киши бўлиб, Фарғонага кетмоқчи бўлдик. Аммо киракашлар йўл ҳақини 300 мингга кўтариб туриб олди. Пулимиз етмай, яна қолиб кетдик.

Наманган вилоятининг Чортоқ туманидан Улуғбек Ҳамроев,Фарғона вилояти Бувайда туманидан Иномжон Бегматовни ҳам ана шундай вазият қийнамоқда. Таассуфки, бундай одамлар кам эмас.

Юқоридаги ҳолатлар карантин шароитида иши касод бўлиб, қийналаётганларни аниқлаш, уларга манзилли ёрдам кўрсатиш зарурлигини кўрсатмоқда.

Умид қиламизки, мутасадди ташкилотлар бу масалага зудлик билан эътибор қаратади.

2 827
Норгул АБДУРАИМОВА, ЎзА