ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:10 Чоп этиш версияси

Мардикор бозори қонунийлаштирилади

Мардикор бозори қонунийлаштирилади

Тожикистон Меҳнат, миграция ва ижтимоий бандлик вазирлиги яқинда тарқатган хабарида, ҳукумат мардикорлар бозорини қонунийлаштиришга қарор қилганини маълум қилди. Шу тариқа ички мигрантлар расман меҳнат фаолияти билан шуғулланиш имкониятига эга бўлади ва ижтимоий кафолат ҳамда пенсияга умид қилади.

Меҳнат вазирининг ўринбосари Эмин Сангинзода Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида мардикорлар ва иш берувчилар ўртасида эришилган оғзаки келишувлар уларнинг ижтимоий ва юридик ҳуқуқларини кафолатламаслигини айтди.

“Айрим мардикорлар меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликларга эга ва улар яхшигина пул ҳам ишлашади, аммо қисқа вақт мобайнида иш берувчи ва ишчи ўртасидаги норасмий муносабатларни барқарорлаштиришнинг имконияти йўқ. Биз бу йўналиш бўйича иш олиб бораяпмиз”, деди Сангинзода.

Аҳоли бандлиги агентлигининг директор ўринбосари Ниёз Қурбоновнинг айтишича, ёлланма меҳнат бозоридаги сўровлар шуни кўрсатганки, мардикорларнинг ўзлари фаолиятларини қонунийлаштирилишини исташмайди ва бир кунда топадиган 50-100 сомони (10 доллардан кўп) дан қониқиш ҳосил қилади.

“Биз уларга, агарда сиз фаолиятингизни қонунийлаштирсангиз, у ҳолда сизларга ижтимоий кафолат берилишини тушунтирмоқдамиз. Келажак ҳақида, пенсия ҳақида ўйлаб кўриш керак, бироқ улар ўзларига ҳеч нарса керак эмаслигини, топаётган пуллари етаётганини айтмоқда”, дейди Қурбонов.

ЎзА
4 303