ЎзА Ўзбек

14.01.2020 Чоп этиш версияси

Мард, жасур ҳарбийлар ёди барҳаёт

Мард, жасур ҳарбийлар ёди барҳаёт

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бошқармаси ва маҳаллий ҳокимлик вакиллари жанубдаги воҳада камолга етиб, мустақиллик йиллари Ватанимиз тинчлиги, кўп миллатли халқимизнинг обод турмушини таъминлаш йўлида мардларча ҳалок бўлган осойишталик посбонлари оилаларида бўлиб, икки миллиондан пул ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини топширди.


– Бугунги обод ва осуда ҳаётимиз учун жонини фидо қилган мард, жасур ўғлонларимизни тарбиялаб, камолга етказган ота-оналарни ҳар қанча эъзозласак арзийди, –­ дейди Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи, подполковник Ш.Саидов. – ­Шу боис ҳам муборак байрам кунлари уларнинг оиласи даврасида бўлиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлган ҳарбийларимиз руҳини шод этиш, совға-саломлар топшириш ўзига хос анъанага айланди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 28 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ташкил этилган ушбу тадбирда ҳам бу оилаларга совғалар бериб, яқинларига узоқ умр, хонадонларига файзу барака, юртимизга тинчлик тилашни шарафли бурч, деб билдик. 

photo5256187582960741272 (1).jpg  

Термиз шаҳрида улғайган оддий аскар Фарҳод Абдуллаев 1985-1995 йилларда Термиз шаҳридаги 12-умумтаълим мактабида аъло баҳоларга ўқиди. 1996-1998 йилларда муддатли ҳарбий хизмат бурчини ўтади. У Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмга шартнома асосида ҳарбий хизматга қабул қилинган 2000 йили Сариосиё ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларига нопок ният билан бир гуруҳ террорчилар суқилиб кирди. Ф.Абдуллаев ҳам ана шу ҳудудда олиб борилган жанговар ҳаракатларда сўнгги нафасигача жангарилар билан курашиб, қаҳрамонлик кўрсатди. Мардларча ҳалок бўлди.

Сержант Ғуломжон Ҳусанов Термиз шаҳридаги Каттабоғ маҳалласида улғайди. Мард ўғлон йигитлик бурчини Ички ишлар вазирлигига қарашли ички қўшинларнинг Тошкент шаҳридаги батальонида адо этди. Ўзининг ҳарбий-жанговар тайёргарлиги, жисмонан чаққонлиги билан сафдошларига ўрнак бўлди. Сержант унвонини олди. Тошкент шаҳрида 1999 йил 16 февралда бир гуруҳ ёвуз кучлар томонидан уюштирилган портлашларни бартараф этишда қатнашди. Ангрен шаҳри яқинидаги Янгиобод қишлоғида террорчиларга қарши курашда иштирок этди. Муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлгач, Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмда шартнома асосида хизмат бурчини давом эттирди. 

photo5256187582960741272.jpg  

Ғ.Ҳусанов 2000 йил Сариосиё ва Узун туманларининг тоғли ҳудудларида бўлиб ўтган жанговар ҳаракатлардаги тўқнашувлардан бирида тинимсиз ўқ отиб, жангариларнинг бир гуруҳини ер тишлатди. Эгнидан ўқ тегиб, яраланган бўлса-да, ётиб қолмади. Аксинча, душманни яксон қилишда давом этди. Тўқнашувдан сўнг ҳалок бўлган сафдошини тоғдан пастга олиб тушишга кўмаклашди. Шундан сўнг бехосдан боши айланиб, йиқилди ва жон берди.

Жангарилар билан тўқнашувда кўрсатган мардлиги учун оддий аскар Фарҳод Абдуллаев ҳам, сержант Ғуломжон Ҳусанов ҳам вафотидан сўнг давлатимизнинг юксак мукофоти – “Жасорат” медали билан тақдирланган. “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 10 йил”, “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 15 йил”, “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 20 йил”, “Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил”, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишонларига сазовор бўлган. 

photo5256187582960741275.jpg  

Масъуллар оддий аскар Фарҳод Абдуллаев ва сержант Ғуломжон Ҳусановлар улғайган хонадонларда бўлиб, вилоят ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси томонидан ажратилган тўрт миллион сўм пул маблағни, Термиз шаҳар ҳокимлиги озиқ-овқат маҳсулотларини топширди. Мард, ботир, жасоратли ўғлонларнинг порлоқ хотираси ёдга олинди.

Оддий аскар Фарҳод Абдуллаевнинг отаси Шоазим Абдуллаев ва сержант Ғуломжон Ҳусановнинг отаси Чори Ҳусанов кўрсатилаётган эътибор ва иззат-икром учун тадбир ташкилотчиларига миннатдорлик билдирди.

photo5256187582960741276.jpg

3 069
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА