ЎзА Ўзбек

30.08.2018 01:15 Чоп этиш версияси

Мард ўғлонлар номи барҳаёт

Мард ўғлонлар номи барҳаёт Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Ватанимиз олдидаги бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган мард ва жасур ўғлонларимизнинг азиз хотирасига бағишлаб чоп этилган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати, кенг жамоатчилик вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, ҳалок бўлган ҳарбийларнинг яқинлари иштирок этди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Сайидов ва бошқалар мамлакатимизда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини мустаҳкамлаш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан яратилган “Мард ўғлонлар номи барҳаёт” китоби халқимизнинг мард ва жасур фарзандлари хотирасига юксак ҳурмат-эҳтиром намунасидир.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйида 10 минг нусхада чоп этилган мазкур китоб ўқувчиларга кирилл ёзувида тақдим этилди. Лотин ёзувида ҳам шунча нусхада чоп этилади.

Китобда юртимиз озодлиги, халқимизнинг бугунги тинч-осойишта ҳаётини таъминлаш йўлида азиз жонини қурбон қилган 222 нафар қаҳрамоннинг шарафли ҳаёт йўли ибрат қилиб кўрсатилган. Уни ўқиган китобхон бугунги фаровон ҳаётимиз қадрини янада теран англайди.

Китоб тақдимотида 2010 йил 10 октябрь куни хизмат вазифасини бажараётганда жиноятчилар томонидан оғир тан жароҳати етказилиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган 30 ёшли Ёқубжон Аъзамовнинг ота-онаси ҳам иштирок этди.

– Ҳеч ким фарзанд доғини кўрмасин, – дейди Ҳамида Аъзамова. – Ўғлимдан ёдгор бўлиб қолган набирам бу йил Ички ишлар вазирлиги академияси лицейига ўқишга кирди. У ҳам дадаси изидан бориб Ватан ҳимоячиси бўлишни мақсад қилган. Илоҳим орзусига етсин, юртимиз тинч, фарзандларимиз омон бўлсин.

...2005 йил май ойи. Андижон шаҳрида террорчилик ҳаракатлари содир этилди. Халқимизнинг қатъияти, ҳарбийларимизнинг ватанпарварлиги туфайли қора кучлар ниятига етолмади. Аммо бир қанча аскар ва офицерлар мардларча ҳалок бўлди.

Бу қаҳрамон йигитлар орасида капитан Содиқжон Усмонов ҳам бор эди. С.Усмонов 1975 йил Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. 1998 йилда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртини мотоўқчи қўшинлар тактик қўмондонлиги мутахассислиги бўйича тамомлаб, Давлат хавфсизлик хизматининг терроризмга қарши кураш бўлинмаларида ҳарбий хизматни бошлаган.

32.JPG

– Турмуш ўртоғимнинг ҳаёт йўли бизга доимо ўрнак бўлиб келган. Фарзандларим отаси билан фахрланади, – дейди Нодира Усмонова. – Бу йил ўғлим Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган "Темурбеклар мактаби"га имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Унинг мард ва жасур отаси каби Ватан ҳимояси йўлида камарбаста бўлишини тилайман. Ватанимиз, халқимиз ўзининг мард ўғлонларини ҳеч қачон унутмайди. Мен турмуш ўртоғимдан жудо бўлган, болалари отасидан айрилган бўлса-да, биз ўзимизни ҳеч қачон ёлғиз ҳис этмаганмиз. Давлатимиз, болаларимнинг отасининг ҳамкасблари ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Тинч-осойишта ҳаётимиз йўлида қурбон бўлган ҳарбийлар хотирасига бағишлаб яратилган бу китоб ёшларимизни Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Тақдимот сўнггида мард ўғлонларнинг яқинларига эсдалик совғалари топширилди.

Гулноза Бобоева, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
4 898