ЎзА Ўзбек

08.08.2018 19:22 Чоп этиш версияси

Мард ўғлон халққа ҳалол хизмат қилади

Ички ишлар вазирлиги Ёшлар иттифоқи тизимда хизмат қилаётган ёшларни халққа ҳалол хизмат қилиш йўлида фидойилик ва садоқат намунасини кўрсатиб меҳнат қилишга чақирди.

Шу мақсадда ИИВ Ёшлар иттифоқининг етакчилар кенгаши ёш ходимларга Мурожаатнома йўллади.

– Ўзбекистон ёшлари – дунёнинг энг бахтиёр ёшлари, десак муболаға бўлмайди, – дейди ИИВ Ёшлар иттифоқи етакчилар кенгаши раиси Хуршид Рўзиев. – Чунки юртимизда ёшлар манфаатлари доимий эътиборда бўлиб, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Албатта, ёшлар ҳам бунга муносиб бўлишлари шарт.

Ички ишлар органлари сафларида хизмат қилаётган ёш ходим ва ҳарбий хизматчилар, вазирлик таълим муассасалари, ИИВ академик лицейларида таҳсил олаётган курсант ва ўқувчилар Ватанга муҳаббат, бурчга садоқат руҳида тарбияланиб, ташаббуслари қўллаб-қувватланмоқда. Ушбу мақсадларни тўлақонли амалга ошириш, ёшларнинг иқтидорларини юзага чиқариш, муаммоларини ечишга кўмаклашиш, шунингдек, ходимлар ўртасида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадида таркибий ва ҳудудий ички ишлар органларида Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.

Тизимда ёш ходимларнинг дунёқарашини кенгайтириш, уларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятидан хабардор қилиш, одамларнинг ички ишлар органлари ходимлари хизматидан рози бўлишини таъминлашга қаратилган маънавий-маърифий, тарбиявий-профилактик тадбирлар ташкил этиш мунтазамлик касб этган.

Бу йил илк маротаба “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланган ёшлар орасида ички ишлар органлари ходимларининг ҳам борлиги, соҳада садоқат билан, ҳалол, виждонан хизмат қилаётган ходимларга берилган баҳо, билдирилган юксак ишонч намунаси бўлди.

Сўнгги йилларда шахсий таркибга муносиб шарт-шароитларни яратиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, уй-жой билан таъминлаш борасидаги бир қатор фармон ва қарорлар, ички ишлар органларида туб бурилиш ясаганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мурожаатномада қайд этилганидек, соҳада хизмат қилаётган ҳар бир ходим, айниқса, ёшлар шуни унутмаслиги керакки, Президентимиз таъбири билан айтганда, биз, аввало, халқимизнинг хизматкоримиз. Эртанги кунимиз порлоқ бўлиши, келажак авлодимиз янада бахтли яшаши учун бугундан ҳаракат қилмоғимиз, бу йўлда садоқат-масъулият-ҳалоллик билан хизмат қилишимиз шарт.

Ёшлар куни муносабати билан давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ёшларига йўллаган табриги тизимдаги ёш ходим ва ҳарбий хизматчиларнинг ҳам эртанги кунга бўлган ишончи ортишига, уларни шарафли қасамёдга садоқат билан хизмат қилишга ундади.

Мурожаатномада яна “Билдирилган юксак ишончга муносиб бўлишимиз, амалга оширилаётган эзгу ишлар йўлида ҳалол хизмат қилишимиз керак. Бунинг учун ҳар биримиз кундалик фаолиятимизни таҳлил қилиб, шарафли номга муносиб бўлайлик. Бошқа ҳамкасбларимизни ҳам фидойилик ва садоқат билан ишлашга чақирайлик. Талабчанлик ва ишга янгича ёндашувни ҳар биримиз ўзимиздан бошлайлик. Ёшлик куч-ғайратини изланиш ва интилишларга бағишлайлик!”, деган сўзлар битилган.

Мурожаатнома якунида “Фидойилик ва садоқат ички ишлар органларидаги барча ёшларнинг асосий шиори бўлсин!”, деган хитоб бор.

Эзгу мақсадга қаратилган бундай даъватга нафақат соҳа ходимлари, балки юртимиздаги бошқа барча ёшлар “лаббай”, деб жавоб берса арзийди. Зеро, халқимиз юртга ҳалол хизмат қиладиган мард ўғлонларига суянади.

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 243