ЎзА Ўзбек

28.04.2018 16:57 Чоп этиш версияси

МАРҲУМЛАРГА ЭЛЕКТР КЕРАКМИ ЁКИ НОҲАҚ ҚАРЗДОРЛИКЛАР ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚМОҚДА?

МАРҲУМЛАРГА ЭЛЕКТР КЕРАКМИ ЁКИ НОҲАҚ ҚАРЗДОРЛИКЛАР ҚАЕРДАН КЕЛИБ ЧИҚМОҚДА?
“ЎЗБЕКЭНЕРГО” АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИ ДИҚҚАТИГА!

Қиш бўйи электр таъминоти тўлиқ бўлмай, баҳорда электрдан фалон миллион қарздор эканингиз ҳақида далолатнома келиб турса алам қилади, албатта. Баъзида электр тўловларини тўлиқ амалга ошириб юрган одамларда ҳам қарздорлик бўйича далолотнома хати келгани кузатилмоқда. Бу борадаги далилларнинг кўплиги эса ақлни шоширади. 

Рақамлар алдамайди

Электр таъминоти корхонаси томонидан келаётган “ажойиб” мактублар, одамларнинг вақтини олаётган, асабини бузаётган ҳолатлар ҳақида кўп бора эшитганмиз. Норозиликларнинг эса кети узилмайди. То бу ҳол сенинг ҳам бошингга тушмагунча ишонмаслигинг аниқ, лекин кун келиб ўз хонадонингга ҳам худди шундай мазмундаги хат келиб турса... 

Далилларга мурожаат қиламиз: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг бизга тақдим этган маълумотлари, яъни аҳолининг электр таъминоти бўйича ноҳақ қарздорликлар ҳисоблангани борасидаги фактлари ажабланарли даражада кўп. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагининг ўзида электр таъминоти соҳаси юзасидан истеъмолчилардан 532 та ариза келиб тушган. Бу федерацияга келган жами аризаларнинг 15,7 фоизини ташкил этади.

Биринчи уч ойлик ҳисоботига кўра, республика ҳудуди бўйича 204 096 928 сўм (икки юз тўрт миллиондан ортиқ) миқдорида нореал яъни ноҳақ қарздорлик ҳисобланган. Қисқа муддат ичида хато ҳисобланган қарздорлик миқдори оз эмас. Буни ишда рўй берадиган техник хатолар туфайли юзага келган ҳам дейиш қийин.

Гарчи сўнгги чора дея электр таъминоти корхонаси ходимлари компьютерни айбласаларда бундай хатоликлар республикамиз бўйлаб давом этмоқда.

Нореал қарздорлик ёзиш аслида нима учун керак?

65_ming_kishi_kuchli_shamol_tufayli_elektr_energiyasiz_oldi.jpg

Мутасаддилар томонидан назоратсизлик шу даражага бориб етганки, ҳатто электр таъминоти корхонаси вакиллари қарз дея аллақачон орамиздан кетган “марҳумлар”га ҳам нореал қарздорликлар ёзишгача бориб етаётир.

Мисол учун: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясига келиб тушган аризага кўра, Фарғона шаҳри Янги аср кўчасидаги хонадонда яшаган, 2015 йилда вафот этган марҳумга 1 297 296 миқдорида электр қарздорлиги борлиги бўйича хат келиб тушган. Ўрганиш давомида хонадон эгасининг вафот этгани, хонадонда шундан буён ҳеч ким яшамагани корхона мутахассисларига тушунтирилиб, асосли ҳужжатлар тақдим қилинган.

Натижада Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунининг 21-моддаси талаблари бўйича, корхона мутахассислари томонидан 30402-0001208-сонли далолатнома хато ёзилган, деб ҳисобланиб, хонадоннинг электр энергияси истеъмоли қайта ҳисоб-китоб қилиниб, хонадон ҳисоб варағига далолатнома бўйича киритилган 1 297 296 сўм қарздорлик бекор қилинган. Корхона томонидан қайта ҳисоб-китоблардан сўнг 24.04.2018 йил ҳолатига хонадоннинг 1 292 129, 60 сўм ҳақдорлиги борлиги тўғрисида маълумотнома берилган.

Худди шундай яна бир марҳумга ёзилган далолатномага эътибор қаратамиз.

Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходимлари Қарши шаҳар 1-миттитумандаги 1-«А» уй, 9-хонадонида ишлатилган электр энергияси нисбатан жарима ёзади.

Яъни, ушбу уйда электр ҳисоблагич ўрнатилган бўлса-да, корхона томонидан Қарши шаҳридаги хонадонларда электр энергиясидан фойдаланишни ўрганиш бўйича жалб қилинган Нишон тумани электр тармоқлари корхонаси ходими Б.Ғайимназаров 2014 йил 16 январда «ҳисоблагич ўзбошимчалик билан алмаштирилган» деб далолатнома тузади. Янада ажабланарли томони шундаки, ушбу далолатномага 2006 йили вафот этган хонадон эгаларининг отаси С.Турдиев иштирок этди деб, ҳатто марҳумнинг имзоси ҳам қўйилади.

Суд фуқаролик ишлари бўйича материалларда тўпланган ҳужжатларни ўрганиб, далилларга ҳуқуқий баҳо берди ва истеъмолчининг талабини қаноатлантирди. Қарши шаҳар электр тармоқлари корхонаси ходимларининг далолатнома тузишдан иборат хатти-ҳаракатлари ғайриқонуний деб топилди ва далолатномага асосан фуқаро Р.Саъдуллаева хонадонига ҳисобланган 1 миллион 669 минг 20 сўм қарздорликни ундирув рўйхатидан чиқариш мажбурияти юклатилди.

Ҳатто марҳумларга нисбатан ҳам шундай ҳаракатлар қилинаётган тизимга нисбатан тирикларда ишонч қолмаслиги тайин. Агар бундай ҳаракатлар назоратга олинмаса...

Аслида ким – кимдан қарз?

Маълумки, вилоятларнинг қишлоқ ҳудудларида давлат идораларида ишловчи фуқароларнинг ойлик маошларидан коммунал тўловлар учун пул ечиб олинади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2001 йил 15 майда 1031-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг “Ташкилотлар ва муассасалар томонидан ўз ходимларидан коммунал хизматлар учун ҳақни иш ҳақидан ушлаб қолиш кўринишида қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида” қарори мавжуд. 

Иш ҳақидан аввалдан электр таъминоти учун пул тўлаган аҳоли яна катта миқдорда қарздор бўлиб чиқмоқда...

Жавобсиз саволлар

Elektr.jpg

ҲАҚЛИ САВОЛЛАР ТУҒИЛАДИ:

Нима учун аҳоли ноҳақ қарздорликка тортилмоқда? Қарзнинг ноҳақлигини исботлай олмай тўлаб юборганлар қанча? Хато қилаётганларга нисбатан чора кўриладими? Нега айнан электр корхоналари тизимида бундай ҳолатлар кўпаймоқда?

Мамлакат миқёсида қарзлар миқдори нега кўп? Федерацияга электр тармоғи вольтажининг кескин ортиб ёки камайиши оқибатида маиший техника буюмлари носоз ҳолатга келгани бўйича арз қилаётганлар ҳам оз эмас. Уларга етказилган моддий зарарни ким қоплайди? Ноҳақ қарздорликларни "ижод қилиш" қачон барҳам топади?

Ўйлаймизки саволлар жавобсиз қолмайди...

Мақола Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси билан ҳамкорликда тайёрланди.

Анора Содиқова, ЎзА
17 730