Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.08.2017 15:44 Чоп этиш версияси

Марғилон янада чирой очмоқда

Марғилон янада чирой очмоқда Халқимиз учун ҳар томонлама қулай ва муносиб турмуш шароити яратиш мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсадидир. Президентимиз раҳнамолигида олиб борилаётган бу саъй-ҳаракатлар самарасида шаҳар ва қишлоқларимизда муҳташам ва замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари, маданият масканлари, истироҳат боғлари барпо этилмоқда.

– Давлатимиз раҳбари жорий йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида Эркин Воҳидов номидаги Марғилон шаҳар маданият ва истироҳат боғини реконструкция қилиш, туризмни ривожлантириш дастури, тижорат банклари томонидан амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимоти билан танишди, – дейди Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаев. – Ушбу ташриф чоғида берилган топшириқлар асосида барча лойиҳалар қайтадан кўриб чиқилиб, уларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Марғилон шаҳрини 2017-2018 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида 600 дан ортиқ лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун 1 триллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.

Жорий йилда шаҳарда саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишида 5 йирик лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, “Тоҳирбек Марғилон” масъулияти чекланган жамиятида автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқариш бўйича янги тармоқ ишга туширилди. “Трактор таъмирлаш корхонаси” масъулияти чекланган жамиятида замонавий эшиклар, профнастил ҳамда мебель ишлаб чиқариш ишлари учун 2,5 миллиард сўм маблағ сарф этилиб, лойиҳа фойдаланишга топширилди.“Марғилон Умар текс” масъулияти чекланган жамиятида пахта толасини қайта ишлаш орқали момиқ сочиқлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Марғилон шаҳрининг бош режасига кўра, айни пайтда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда. "Зуҳро" маҳалла фуқаролар йиғинида беш қаватли 7 та уй-жой қурилиши қизғин давом этаётир. Кўп қаватли уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа муассасаларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича 4 сектор раҳбари белгиланган тадбирлар ижросини бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқда. 49 кўп қаватли уйнинг том ва фасад қисми, йўлаклари таъмирдан чиқарилди. "Зуҳро", "Гулистон", "Ипакчи", "Саховат", "Чилонзор" маҳалла фуқаролар йиғинларидаги кўп қаватли уйларда табиий газ таъминотини яхшилаш мақсадида 9 километрлик газ тармоғи тортилмоқда.

14.JPG

Марғилон азалдан миллий ҳунармандлик маҳсулотлари, муқаддас қадамжолари билан хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига мафтун этиб келган. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида туризмни ривожлантириш, миллий ҳунармандлик марказини ташкил этиш учун ҳам аниқ тадбирлар белгиланди. Ҳунармандлик ва туристик мавзеларни қуриш концепцияси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳунармандлар марказини ташкил этиш учун ер майдонлари танланди. Туризм соҳасида хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқаришини таъминлаш, маданий-маърифий тадбирлар самарадорлигини оширишда маданият ва истироҳат боғлари алоҳида аҳамиятга эга. Марғилон шаҳридаги маданият ва истироҳат боғига атоқли адиб Эркин Воҳидов номи берилиб, қайта реконструкция қилинаётир.

Истироҳат боғининг майдони 9 гектардан 16 гектарга кенгайтирилди. Боғнинг кириш қисмида ёзувчи-ижодкорлар хиёбони ташкил этиш, шу ерда Эркин Воҳидов ҳайкалини ўрнатиш кўзда тутилган. Турли тадбирлар ўтказиладиган амфитеатр, Нуронийлар маскани, ош маркази ва бошқа инфратузилма объектлари барпо этилиб, Эркин Воҳидов номидаги ёш ижодкорлар мактаби ташкил қилинади. Шунингдек, боғда турли аттракционлар ўрнатилиб, бир неча чойхона аҳолига хизмат кўрсатади. Истироҳат боғига турли мевали ва манзарали дарахтлар, гуллар экилади.

Президентимиз мазкур лойиҳа билан танишиш чоғида бир қатор топшириқлар берди. Шунга мувофиқ, лойиҳа қайта кўриб чиқилиб, қўшимча 50 ўринли ёш ижодкорлар меҳмонхонаси, “Нуронийлар маскани”да 20 ўринли меҳмонхона, вилоят санъаткорлар ва шоирлар музейи, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимининг маъмурий биноси ва 100 ўринли амфитеатр қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Бу ердаги бунёдкорлик ишлари “426-ХИКМК” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа 2018 йил Наврўз байрамида ишга туширилиши режалаштирилган.

– Шаҳримизда рўй бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, биз ҳам ўзимизни ёшаргандек ҳис этаяпмиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Марғилон шаҳар бўлими раиси Турғунбой Нишонов. – Айниқса, Қўқон, Марғилон ва Андижон шаҳарлари ўртасида электропоезд қатновининг йўлга қўйилгани аҳоли учун катта қулайлик бўлди. Маданият ва истироҳат боғида биз, нуронийларга маскан ва меҳмонхона бунёд этилаётгани барчамизни хурсанд қилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатимизда инсон манфаатлари устувор эканининг амалий ифодаси сифатида қалбимизни ғурур-ифтихорга тўлдирмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов, Муқимжон Қодиров (сурат), ЎзА
3 118






Все о погоде - Pogoda.uz