Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

07.09.2018 20:02 Чоп этиш версияси

Манзилли грантлар, ижтимоий ҳимоя ва инновацион ёндашув

Манзилли грантлар, ижтимоий ҳимоя ва инновацион ёндашув Халқаро пресс-клубда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши тузилиши, унинг олдида турган вазифалар, грант маблағлари ажратиш тартиби, комиссиялар фаолияти, истиқболдаги режалар хусусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ўтказилган мулоқотда ННТлар ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг роли, аҳамияти, ижтимоий фаоллигини ошириш юзасидан амалга оширилиши керак бўлган ишлар муҳокама этилди.

Ушбу фармон мамлакатимизнинг ҳар томонлама, жадал ривожланишида фуқаролик жамияти институтлари ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ҳамкорлигини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Жорий йил охирига қадар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳудудий эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, бўш турган ва самарали фойдаланилмаётган давлат мулки объектлари негизида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари”ни ташкил этиш белгиланган эди.

Мазкур биноларга янги ташкил этилган, шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда ўз фаолиятини амалга ошираётган нодавлат нотижорат ташкилотлари имтиёз асосида жойлаштирилиши белгиланган.

Бу борадаги ишларни бажаришда ҳуқуқий асослар яратилган бўлса-да, амалий ишни пайсалга солиш, ўзибўларчиликка ташлаб қўйиш ёхуд иқтисодий етишмовчиликлар сабаб ортга суриш ҳолатлари кузатилган. Маълумот берилишича, биргина Хоразм вилояти Урганч шаҳрида ана шундай "Дўстлик ва нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи" фойдаланишга топширилди. Бу лойиҳа барча ҳудудларда амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Мулоқотда бу борадаги тажрибани оммалаштириш юзасидан маълумотлар берилди.

Бугунги кунда фаолият кўрсатаётган 9 минг 400 дан зиёд нодавлат нотижорат ташкилотининг ҳаммаси ҳам ўз фаолиятида аҳоли қатламига тўлиқ кириб бора олаётгани йўқ. Бу биргина иқтисодий муаммолар билан боғлиқ масала эмас. Ўз фаолиятини жамоатчилик назорати асосида ташкил этмаслик, иш жараёнидаги сусткашликлар, фақат давлатдан бериладиган маблағларни кутиш, амалий ишларини оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб эта олмаслик эвазига ривожланиш бўлмаётир.

Бу ташкилотлар жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари, демократик қадриятларни ҳимоя қилишда, ижтимоий, маданий ва маърифий мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга. Аммо фаолиятида тизимли муаммоларни бартараф эта олмаяпти. Давлатимиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган фармони мазкур ташкилотларнинг асл фаолияти, имкониятлари, улардан кутилаётган натижаларни аниқ белгилаб берди.

Мулоқот давомида нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятига тўсқинлик қилаётган қатор тизимли муаммо, камчиликлар хусусида сўз борди. Келгусида қилиниши керак бўлган ишлар белгиланди ва халқаро тажрибалар ҳақида тўхталиб ўтилди.

Барно Мелиқулова, ЎзА