Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 18:51 Чоп этиш версияси

Манзил ўша – манзара бошқа

Россиянинг Екатеринбург шаҳрида яшовчи синфдошим Сарвар Багаудинов қўнғироқ қилиб қолди. 27 йилдан буён кўришмаган синфдошимнинг кутилмаганда йўқловидан ҳайратланиб, телефон рақамимни қандай топгани билан қизиқдим.

– Бугун бу ҳеч қандай муаммо эмас-ку, – деди у. – Интернетда Жиззахда Ўзбекистон ёшларининг “Баркамол авлод – 2017” спорт ўйинлари ўтаётгани ҳақидаги мақолангни ўқиб қолдим. ЎзА сайти орқали телефон рақамингни ҳам топдим. Дарвоқе, шу идорада ишлаяпсан экан-а? Мен пенсиядаман. Кўпдан буён туғилиб ўсган шаҳрим Жиззахни бир кўрсам, деган ниятда эдим. Мақолангни ўқиб, боришга қатъий қарор қилдим. Кутиб ол!

Собиқ мустабид тузумнинг таназзулга юз тутиши, миллий республикалар ўз мустақиллигини эълон қилиши кўплаб оддий одамлар тақдирини ҳам ўзгартириб юборди. Кимдир тарихий ватанига, яна биров бошқа сабаб билан ўзга юртларга кўчиб кетиши туфайли қўшнилар, дўстлар, ҳатто яқин қариндошлар бошқа-бошқа мамлакат фуқаросига айланди.

Сарвар билан ўтган асрнинг 60-70 йилларида Жиззах шаҳридаги 9-интернат мактабида бир синфда ўқиганмиз. У мактабдан сўнг техникумни битириб, алоқа муҳандиси сифатида ишлади. Сўнгги марта 1990 йилда, Сарвар тарихий юртига кўчиб кетишидан олдинроқ учрашган эдик. Шунча йил кўришмаган синфдошим йўқлаганидан, меҳмонга келаётганидан хурсанд бўлдим.

У Жиззахга кириб келаверишда кутиб олишимга рози бўлмади.

– Нима деяпсан, йўлни ўзим яхши биламан, – деди у овози бироз титраб. – Зиёратни ўзимиз ўқиган мактабдан бошламоқчиман. Яхшиси, ўша ерда кутиб тур.

Сездимки, ҳозир ҳаяжонда. Болалиги ўтган йўлларни ёлғиз кузатмоқчи, тизгинсиз хаёлларига, хотираларига ҳеч ким халақит беришини истамаяпти.

Биз ўқиган мактабнинг ўзи ҳам, бино ҳам бутунлай йўқ бўлиб кетганига кўп йиллар бўлди. Интернет-мактаб бошқа шаҳарга кўчирилиб, ўрнида индустриал техникум ташкил этилди. Кейин техникум Жиззах алоқа ва транспорт касб-ҳунар коллежига айлантирилди. Бинолари ўта замонавий, муҳташам, атрофи дарахтзор билан қопланган. Йўлаклар бўйида турфа гулзор ташкил этилган.

Бу ўзгаришлардан Сарварнинг хабари йўқ эди, албатта. Шунинг учун аввалига бу ерни танимади, кўрганларидан ҳаяжон ва ҳайратини яширолмади.

– Яхшиям мактабда учрашамиз, деганим, йўқса, умуман адашиб кетар эканман. Бу жойлар қадрдон бўлгани учун юрагим йўл кўрсатди, оёғим бошлаб келди, – деди у бироз ўзига келгач, атрофга аланглаб. – Биз ўқиган бир қават бино ўрнида ташқаридан худди саройга ўхшайдиган мана бу иншооотни кўрмаган бўлсам-да, манзил хотирамда сақланиб қолган. Шаҳар жуда ўзгариб, замонавийлашиб кетибди. Ҳу анави жойлар пахтазор эди-я, адашмасам. Эсингдами, эгатлар орасида учраб қоладиган тарвузларни ёриб-ёриб қўл билан еяверар эдик.

Мактаб ҳовлисига кирдик. Коллеж ходимлари ташрифимиз мақсадини эшитиб, болалик хотираларимизни тиклашга кўмаклашиш учун ҳовли айланишимизда ҳамроҳ бўлди.

Хотирамиз қаъридаги олис болаликнинг қадрдон тасвирлари ўрнини кўз ўнгимизда турган уч қаватли муҳташам ўқув мажмуаси, тўрт қаватли янги ётоқхона бинолари эгаллади. Болалигимиздан ёдгорлик бўлиб қолган биргина ётоқхонанинг реконструкция қилинган икки қаватли биносини бир қарашда таний олмадик.

Мезбонлар ётоқхоналарда яратилган қулайликлар билан таништирар экан, ҳар бирида 15-20 чоғли темир каравотдан бошқа жиҳози бўлмаган хоналар беихтиёр хотирамизда жонланди. Ўша хоналар ҳам ўз даврининг энг яхшиси ҳисобланарди. Ҳозир биз кўриб турган ётоқхоналардаги жиҳозлар, қулайликларни тасаввур ҳам қилолмаганмиз.

Кейинги йилларда замонавий лойиҳалар асосида барпо этилган спорт зали, футбол майдонлари, 200 ўринли ошхона ва уларда яратилган замоний шароитлардан ҳайратга тушган Сарвар деди:

– Ҳавасим келяпти. Ҳамма ёқ ўзгариб кетибди, гўё туш дейсан. Мабодо ўша даврда бизга ҳам шундай жойларда яшаш, ўқиш насиб этганида бугун ким бўлиб етишардик, деб ўйлайсан? Мен, масалан, ҳозиргидек оддий муҳандисликдан пенсияга чиқмаган бўлардим.

Коллеждан чиқиб, Сарварнинг таклифи билан болалигимиз ўтган марказий кўча бўйлаб “Сўғдиёна” стадиони томон яёв юрдик. Бу кўчада юз берган ўзгаришларга менинг кўзим ўрганиб қолган бўлса-да, қарийб ўттиз йил бу ерларда бўлмаган одам учун ҳаммаси бошқача, ҳайратланарли албатта.

Меҳмон йўл-йўлакай илгари икки тарафи бир қаватли лойсувоқ иморатлардан иборат кўча ўрнида қад ростлаган янги, замонавий иншоотларга ҳайрат билан боқар экан, “Бу қандай бино, қачон қурилди? Ие, мана бу ерда бир ака квас сотарди-я?! Анави бинонинг ўрнида нима бўларди?” каби саволлар билан менинг болаликдаги хотираларимни жонлантирарди. Замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида барпо этилган кўп қаватли турар жойлар, маъмурий, маданий, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, инфратузилма иншоотлари, "Ёшлар шаҳарчаси", "Ўрда" ёшлар экологик боғлари, маданий дам олиш масканлари шаҳар кўчаларининг қиёфаси билан бирга, менинг ҳам хотирамдан жуда кўп тасвирларни ўчириб юборгани учун ҳамроҳимнинг ҳамма саволларига жавоб беришга қийналардим. Тўғрида, бундай ўзгаришлар фақат бир кўча ё ҳудуд эмас, бутун шаҳарда юз берган бўлса, барчасини эслаб қолиш осонми?

Масалан, Алишер Навоий ва Шароф Рашидов кўчалари кесишган жойда янги хиёбон ва биринчи қавати савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлган кўп қаватли замонавий турар жойлар ўрни илгариги гуваладан қилинган пастқам уйлардан иборат жой эканини Сарвар ёдимга солди. Хиёбонда сувни турфа рангларда нурлантириб 25 метр баландликка пуркаётган мусиқали фавворалар, қулай ўриндиқли шийпончалар, музқаймоқ павильонлари айниқса унда катта завқ уйғотди. Бундай дам олиш масканлари бугун шаҳарда 13 та экани, ҳозир биз юрган 10 гектарлик хушманзара хиёбонни барпо этиш учун давлат бюджетидан 3 миллиард сўмлик қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилгани ҳақидаги гапларимни ҳайрат билан тинглади.

Сўнгра бундан уч йил аввал қуриб битказилган “Сўғдиёна” универсал спорт мажмуасини, ундаги 10 минг томошабинга мўлжалланган стандионни завқ билан томоша қилди. Бу ер болаликда тўп тепиб юрган даврларни эсга солди, шекилли, "Шу атрофда футболда доимий рақибимиз бўлган 1-мактаб бўларди, ҳозир ҳам борми?", деб қолди.

Мен эса ўша мактаб ҳозир ҳам шаҳардаги энг намунали таълим муассасаларидан бири эканини, фақат энди у билган аввалги бир қаватли пастқамгина иморат эмас, тўрт қаватли замонавий бинода эканини айтдим. Бугун фақат шаҳарда эмас, бутун вилоятдаги мактаб биноларининг барчаси янги қурилгани ёки реконструкция қилингани ҳақидаги гапимга қандайдир титроқ, лекин ўктам овозда “ҳаммаси учун раҳмат”, деди. Бу миннатдорлик мен айтган маълумот учун эмас, давлатимизнинг таълимга қаратаётган эътибори учун экани овоз ифодасида шундоқ сезилиб турарди.

Шаҳарда кўраётганларининг барчаси Сарвар учун янгилик эди. Кўриб турганларини хотирасида жонланган эски шаҳар қиёфаси билан таққослаб ҳайрат ва ҳаваси ортаётгани менга ҳам завқ бағишларди. Ана шундай завқли кайфиятда Жиззах темир йўл вокзалига етиб келдик.

Шаҳарнинг қадимдан машҳур ва гавжум жойи “Кўкбозор” бозори вокзал атрофида. У бугун дўстим хотирасидаги эски бозордан ўн марта катта. Кейинги йилларда бутунлай қайта қурилган бу савдо марказининг бошқалардан фарқи, шаҳарнинг қоқ марказида, катта кўчалар чорраҳасида жойлашгани. Бу ерда амалга оширилган қурилиш ишлари ҳудуд қиёфасининг бутунлай ўзгаришига олиб келди.

Замонавий мажмуанинг 5 минг 400 квадрат метр савдо майдонига эга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари павильонида 1 минг 152 савдо ўрни яратилган. Қадим шарқ ва замонавий савдо маданияти талаблари асосида қайта қурилган савдо расталари, дўконлар сотувчи ва харидорларга ҳар томонлама қулай, санитария-гигиена, техник, хавфсизлик талаблари ҳам ҳисобга олинган. Бош лойиҳа асосида бозор инфратузилмасининг муҳим қисми бўлган автомобиль қўйиш жойлари, такси, автобус бекатлари барпо этилган. Бозор ёнидаги серқатнов кўчада ҳайдовчию пиёдаларга қулайлик яратиш учун ер ости ўтиш йўли ва бошқа кўплаб иншоотларни бу ҳудудлар чангини ютиб катта бўлган Сарвар энди кўрди.

Янги бозор фақат савдо мажмуаси эмас, шаҳар ободлигининг, халқимиз фаровонлигининг кўзгусига айланди. Айниқса, расталардаги тўкинликни кўриб, синфдошим яйраб кетди. Нуқул у растадан бу растага ўтиб, ҳўл-қуруқ мевалардан татиб кўрар ва "Болаликда шундай қилардик, эслайсанми? Ҳозир мен яшайдиган жойларда буни фақат дўконларда кўришади ва умуман татиб кўриш мумкин эмас. У ерларда тартиб шунақа. Барибир Жиззах яхшида-а?!" дейди. Унинг болаларча бу қилиқларидан мен ҳам завқланаман.

Худди шундай катта қурилиш Жиззах темир йўл вокзали бекатида ҳам амалга оширилди. Вокзалнинг замонавий биноси, йўловчилар учун яратилган қулайликлар ҳақида батафсил гапиришнинг Сарварга кераги йўқ. Мутахассислиги муҳандис бўлгани учун бу ерда амалга оширилган ишларнинг кўламию маҳобатини яхши билади. Фақат бир масалада – ҳамма жойда кўришга, завқланишга арзирли янгиланиш бўлган пайтда саёҳатни қайси йўналишда давом эттириш ҳақида ўйланиб қоласан. Аммо поёнсиз хотира уммонида болаликнинг тиниқ лаҳзалари бошқа таассуротларга қараганда анча кўп сақланиб қолгани тўғри йўлни кўрсатиб туради. Бу ерда ҳам шундай бўлди.

Сарвар ўқувчилик давримизда ёзги таътилда энг кўп борадиган Уобсойдаги оромгоҳга ана шу бозор, темир йўл вокзали орқали ўтганимизни эслади.

– Шаҳарни айланиш бугунча етади, агар транспорт тополсанг Уобга бориб келсак-чи, – деб таклиф қилди.

–Уобга ҳар гал мактабимизнинг "ЗИЛ" юк машинасида борганларимиз ёдингга тушиб, транспорт топишни айтаяпсан, шекилли, – дедим унга. – Автомобиль ишлаб чиқарувчи жаҳондаги саноқли давлатлардан бирида эканингни билмайсан шекилли. Ана, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган машиналар қатор турган жой Равот қишлоғига қатнайдиган таксилар бекати. Равотдан Уобгача икки қадам. Фақат бугун эмас.

Эртасига йўлда ҳангомани қизитиш учун атайлаб равотлик таксичи йигитнинг хизматидан фойдаландик. Меҳмонга кўпроқ жойни кўрсатиш, қойил қолдириш учун одатдаги йўлдан эмас, "Жиззах" эркин иқтисодий зонаси орқали юрдик.

“Тарки одат, амри маҳол” деганларидек, норасмий суҳбатда ҳам журналистлигим устун келиб, кўрганларимизга факт ва рақамлар билан изоҳ бериб борардим. Балки, Сарвар 2013 йилда ташкил этилган эркин иқтисодий зонанинг Жиззах шаҳридаги 363,7 гектарлик ҳудудида 14 корхона фаолият юритаётгани ва у ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлару эришилаётган ютуқлар ҳақидаги рақамларни хотирасида сақлаб қололмагандир. Аммо юк ва енгил автобиллар учун тормоз колодкалари, телевизор, кондиционер, музлаткич, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печь, светдиодли чироқлар, полипропилен иплар, видео ва IP телефонлар, телекоммуникация ускуналари, интернет тезлигини оширувчи бутловчи қисмлар каби турли саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилаётганидан у ҳайратга тушди. Ушбу маҳсулотлар ҳатто Жанубий Корея, Франция, Ҳиндистон, Россия каби ривожланган давлатларга ҳам экспорт қилинаётгани эшитганда "Да ты что, неужели?” дейишни ҳам унутмади.

Уобга етгунча йўлнинг икки четида ҳосили пишаётган далалар, сотувга тайёрлаб қўйилган Равотнинг машҳур тарвуз-қовунлари бизни бир эмас, бир неча марта тўхташга мажбур қилди.

– Россия ва Ўзбекистон Президентларининг учрашувидан сўнг бу неъматлар бизга ҳам етиб бориши осонлашди. Мана, масалан, бизнинг Екатеринбургда ҳам “Жиззах” савдо уйи ишлаб турибди. Гарчи олис шаҳарда яшасам-да, минг шукр, она юртим Жиззах заминида етиштирилган неъматлардан баҳрамандман, – деди Сарвар ички бир фахр ва ғурур билан. – Лекин ҳалиги, замонавий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳақидаги гапларинг мен учун мутлақо янгилик бўлди.

Равотнинг асфальтланган равон кўчаси, ям-яшил боғ-роғлари, обод ва кўркам ҳовлилар, одамларнинг эртанги кунга ишончидан хотиржам чеҳралари кўп йиллардан сўнг болалик хотиралари етаклаб келган дўстимнинг қалбига сурур бахш этди.

Гарчи Уобдаги оромгоҳда ҳам шарқариб оқаётган сой сувидан бошқа ҳамма нарса янгилиги, биз болаликда яшаган масканлар ўрнида замонавий бинолар қад ростлагани, бизга қадрдон нарсаларнинг кўпи энди йўқ бўлса ҳам ўксинмадик. Чунки янгилари жуда мустаҳкам, чиройли, қулай. Бизлар узоқ йўл босиб ахтарган нарсамизни топдик. У она диёримизнинг ҳеч ўзгармас гўзаллиги, унинг янада обод ва кўркам бўлиб борётгани эди.

– Ўзбекистонда туғилиб ўсган киши қаерда бўлмасин, бу юртни бутун умр соғиниб, унга талпиниб яшайди. Узоқда бўлса ҳам унинг ютуқларидан қувонади. Бу ердаги ўзгаришларнинг ҳеч бирига бефарқ эмас, – деди Сарвар қандайдир маъюс тортиб. – Мен ҳам шундай, соғинаман, шунинг учун тез-тез интернетга кириб тураман.

Сарварнинг болалиги ўтган жойларга қилган сафари давомида йўлбошловчилик қилиб, Жиззахнинг ярмини айланиб чиқдим. Шу баҳона ўзим ҳам кўп марта кўрган, билган, ёзган воқеаларга четдан туриб назар солдим. Ҳар куни кўриб, эшитиб, ҳаётимизнинг одатий юмуши сифатида қабул қилишга ўрганиб қолган ишларга сал четдан туриб қарасанг, барибир бошқача бўлар экан. Биз кўриб турганлармиз мамлакатимизда рўй берган ўзгаришлар натижаси бўлган буюк юксалишнинг ташқи кўринишидир. Бу ўзгаришнинг замирида эса МУСТАҚИЛЛИК деган мустаҳкам пойдевор турибди.

Сафари қариб уйига қайтаётганда Сарвардан нима олиб кетмоқчилиги ҳақида сўрадим.

– Оладиганимни олдим. Бу туғилиб, болалигим, ёшлигим ўтган юртнинг меҳри, унинг келажаги бундан-да буюк бўлишига ишонч. Ҳаммаси учун раҳмат.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 388






Все о погоде - Pogoda.uz