Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

15.03.2018 20:57 Чоп этиш версияси

Мансабдорлар томонидан бузилган 6,5 мингга яқин шахснинг ҳуқуқлари тикланди

2017 йил 1 июндан мамлакатимизда маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилди. Тизимда айни пайтда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари, Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Баҳодир Деҳқонов ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди:

— Конституциямизда ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиши, давлат органлари, мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга шикоят қилиш мумкинлиги белгилаб қўйилган бўлса-да, бу ҳуқуқни рўёбга чиқаришнинг аниқ механизми  мавжуд эмас эди.

Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолиятини самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида 2017 йилнинг 1 июнидан бошлаб оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низолар ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати янги ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) маъмурий судларига ўтказилди.

Ҳар бир туман ва шаҳарда жами 213 маъмурий суд ташкил қилиниб, уларга 267 судьялик штати ажратилгани бу тоифа ишларни тезкор ва сифатли кўриб чиқиш, фуқароларнинг вақти ва маблағини тежаш имконини бермоқда.

Ўтган йил 1 июндан жорий йил 1 мартгача маъмурий судларда 273 мингга яқин маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишлар кўриб ҳал этилди. Шунингдек, 11 мингдан ортиқ оммавий-ҳуқуқий муносабатларга оид низолар бўйича 6,5 мингга яқин жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

 Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни, жумладан, фуқароларнинг давлат органлари устидан шикоятларини кўришга оид нормалар Фуқаролик процессуал ва Хўжалик процессуал кодексларида  мавжуд эди. Лекин уларда ушбу тоифа ишларни ҳал этишнинг процессуал тартиблари тўлиқ эмас эди.

Шу боис Олий суд томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ишлаб чиқилди. Мазкур кодекс Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2017 йил 20 декабрдаги ўн учинчи ялпи мажлисида маъқулланиб, Президентимиз томонидан 2018 йил 25 январда тасдиқланди.

2018 йил 1 апрелдан кучга кириши белгиланган янги кодекс 4 бўлим, 29 боб ва 288 моддадан иборат. Унда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал қилиш тартиби, маъмурий суд ишларини юритишнинг асосий тамойиллари ўрин олган.

Мазкур кодекснинг кучга кириши билан жисмоний ва юридик шахсларни уларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зид бўлган давлат бошқаруви, ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ноқонуний қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)дан суд орқали ҳимояланиши процессуал-ҳуқуқий жиҳатдан таъминланади.

Мансабдор шахсларининг ҳуқуқий хатти-ҳаракатлари ва қабул қилган қарорларининг қонунийлиги устидан суд назоратини таъминлашнинг бундай демократик механизми яратилгани давлат органлари фаолиятида қонунийликни мустаҳкамлайди.

Шу кунларда Олий суд томонидан янги кодекснинг мазмун-моҳиятини фуқаролар, айниқса тадбиркорларга тушунтириш бўйича кенг қамровли тадбирлар ўтказилмоқда. Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари томонидан ҳозиргача Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё, Жиззах ва Тошкент вилоятларига боришиб семинарлар ташкил этилди.

Жойлардаги судлар, тадбиркорлар, прокуратура, адлия, ички ишлар органлари ходимлари, адвокатлар, Савдо-саноат палатаси ва жамоат ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган анжуманларда кодексда белгиланган маъмурий судларга тааллуқли ҳолатлар тушунтирилмоқда. Иштирокчилар низолар, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят ва аризалар бериш, биринчи инстанция, апелляция, кассация, назорат инстанциялари судларида иш юритиш, суд ҳужжатларини ижрога қаратиш тартиблари ҳамда кодексда белгилаб қўйилган бошқа қоидалардан батафсил хабардор этилмоқда.

Норгул Абдураимова, ЎзА
7 784