ЎзА Ўзбек

10.08.2018 16:15 Чоп этиш версияси

Мангуликка муҳрланган шеърият

Мангуликка муҳрланган шеърият Буюк қозоқ шоири Абай Қўнонбоев туғилган куни муносабати билан Ўзбекистонда ҳам маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 13 мартдаги "Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида"ги қарори асосида ўтказилаётган бу каби тадбирлар икки қардош халқ ардоғидаги ижодкорга ҳурмат, дўстона муносабатлар мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида “Мангуликка муҳрланган шеърият” номли маънавий-маърифий тадбирда бу жиҳатлар яққол намоён бўлди.

– Абай Қўнонбоев шеърлари, ҳикматли сўзлари замиридаги фалсафий мушоҳада, ҳаётий қарашлар бизни эзгуликка, бағрикенглик ва дўстликни қадрлашга чорлаб туради, – деди Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи директори Аббосжон Мирзараҳимов.

Тадбирда Абай шеърлари ўқилди. Музейнинг мусиқий жамоаси шоир шеъри билан айтилган қўшиқларни ижро этди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 124