Мандат кечикиши имтиёзларнинг кўплиги билан изоҳланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат тест маркази масъул ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Рўйхатга олинган 1 миллион 66 минг абитуриентдан 979 минг 468 нафари тест синовлари топшириши белгиланган бўлиб, улардан 954 минг 74 нафари қатнашди, 24 минг 930 абитуриент тест синовларида иштирок эта олмади, 465 нафари тест синовларидан четлаштирилди.
Бу йилги тест синовларини ўтказиш жараёнларида янги тизимлар жорий этилди. Жумладан, рўйхатга олиш, абитуриент рухсатномаларини Давлат тест марказининг сайтидан олиш онлайн тизимда амалга оширилди, учтагача таълим йўналишини танлаш ҳуқуқи берилди, тест синовини исталган ҳудудда топшириш имкони яратилди, тест синовлари натижалари топширилган куннинг эртасига эълон қилинди. Шунингдек, жавоблар варақасига абитуриентнинг фамилияси, исми ва шарифи ёзилган ҳолда тақдим этилди, ногиронлиги бўлган шахслар алоҳида кунларда тест синовларига жалб этилди.
Ҳар бир таълим йўналиши бўйича тест синови топширганларнинг балларини кўриб туриш имконияти яратилгани шаффофликнинг белгисидир. Тўлдирилган жавоб варақаларининг сканер қилинган нусхалари, тўғри ва нотўғри жавоблар тўғрисида маълумотлар абитуриентларнинг шахсий кабинетларига жойлаштирилди. Бу холисликнинг белгиси бўлди.
Ўтказилган тест синовларида ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам кузатилди. Абитуриентлар томонидан ҳужжатларни сохталаштириш, ўринга ўрин кириш ҳолатлари, бир неча назорат постларидан ўтсада, бино ичига телефон, шпаргалка ва шу каби ноқонуний буюмларни олиб киришга уриниш, тест материалларини олиб чиқиш ҳолатлари кузатилди.
Мандат натижалари эълон қилиниши кечикди. Мутахассислар бунга асосий сабаблардан бири этиб имтиёз турларининг кўплиги, баъзи имтиёзларга аниқлик киритилиши жараёни, тасдиқланиши кўп вақтнинг олганлиги, ҳар бир абитуриентнинг танланган учта таълим йўналиши кесимида текшириш бўлганини айтишди.