ЎзА Ўзбек

16.10.2012 16:48 Чоп этиш версияси

Маънавият ва тарбия маскани

Миллий матбуот марказида Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ташкил этилганлигининг 20 йиллигига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда фонд раҳбарлари, ҳамкор ташкилотларнинг вакиллари, маҳаллалар фаоллари ва журналистлар қатнашди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди республика бошқаруви раиси А.Аҳмедов, Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг ўринбосари Ф.Халилов, “Нуроний” жамғармаси раиси Э.Боқибоев, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси Т.Норбоева, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари Ғ.Мирзаев, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси Б.Ғаниев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойили асосида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самарасида мамлакатимизда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг нуфузи ва мавқеи тобора ортиб бораётганини таъкидлади. Бугун мамлакатимизда фаолият юритаётган 10 мингга яқин фуқаролар йиғинлари жамиятимиздаги тинчлик ва осойишталик, барқарорлик, аҳиллик, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш ва оилаларни мустаҳкамлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш, миллий қадриятларни эъзозлашдек эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшмоқда.

“Мустаҳкам оила йили” Давлат дастури доирасида барча маҳаллаларда “Маънавият тарғиботи” жамоатчилик комиссияси, “Маънавият хоналари”, 3400 дан зиёд фуқаролар йиғинларида ахборот-ресурс марказлари ташкил этилди. Фуқаролар йиғинлари қошида “Ота-оналар университетлари”нинг тузилгани оилада соғлом маънавий муҳитни қарор топтириш, ота-оналарнинг ҳуқуқий, психологик, маънавий-ахлоқий билимини ошириш имконини бермоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 9 июлда қабул қилинган “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимлари меҳнатини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони маҳалла фаолиятини давр талаби асосида йўлга қўйиш, фаоллар меҳнатини рағбатлантиришда муҳим омил бўлмоқда.

Фонд томонидан ёшлар тарбиясини юксалтириш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Футболимиз келажаги” республика турнири, “Маҳалламиз паҳлавонлари”, “Ўзбек якка кураши” каби кўплаб спорт мусобақалари ўтказилмоқда. Жойларда ўтказилаётган “Энг намунали фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари”, “Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси”, “Энг обод маҳалла”, “Энг намунали оила” каби танловлар маҳаллаларда аҳилликни таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, мустақилликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, шукроналик, бағрикенглик каби эзгу анъана ва ғояларни мустаҳкам қарор топтиришга хизмат қилмоқда.

Фуқаролар йиғинларида тузилган Жамоатчилик кенгашлари томонидан тўй-ҳашамлар ва маросимларни ихчам ўтказиш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмокда. Бунинг самарасида маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлиги таъминланмоқда, саховат тадбирлари кўлами кенгаймоқда.

Жорий йилда Мустақиллик байрами арафасида ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарлари кунлари ногиронларга 278 миллион сўмлик, якка-ёлғиз кексаларга 212 миллион сўмлик, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга 280 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди.

Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳисобидан аҳоли бандлигини таъминлашда салмоқли натижаларга эришилмоқда. Жорий йилнинг олти ойи мобайнида фуқаролар йиғинлари фаолларининг ташаббуси асосида маҳаллаларда 17,7 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти – новвойхоналар, пазандалик, қандолат, чеварлик цехлари, маиший хизмат кўрсатиш пунктлари, савдо дўконлари ишга туширилди.

– Давлатимиз томонидан маҳаллалар мавқеини ошириш борасидаги эътиборни кундалик фаолиятимизда доим ҳис этиб яшаяпмиз, – дейди Тошкент шаҳар Учтепа туманидаги “Кўкча-Оқтепа” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Собитжон Имомов.

– Аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини ижтимоий ҳимоялаш, маҳалла ҳудудидаги мактаб ва коллежлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан изчил ишлар олиб борилмоқда.

Матбуот анжуманида маҳаллани маънавият, тарбия, меҳр-оқибат, аҳиллик ва мурувват масканига айлантириш, унинг халқимиз ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини янада кучайтириш борасида фикр алмашилди. Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш йўлидаги ҳамкорликни такомиллаштиришга оид амалий чора-тадбирлар, истиқболдаги режалар хусусида батафсил маълумот берилди. Журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.


ЎзА, Назокат Усмонова
10 316