Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.07.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Маънавият – қудратли қуролимиз

Самарқанд вилояти шаҳар ва қишлоқларида Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

Президентимизнинг шу йил 27 июнда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган учрашувларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, Бадиий академия аъзолари, олимлар ва маънавият тарғиботчилари қатнашди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси М.Аҳмедов, А.Суюн, Х.Бобомуродова, С.Ўнар, Ф.Тошев, Н.Жонузоқ, З.Мўминова, Ойдиннисо ва бошқалар Пастдарғом, Пайариқ, Тайлоқ ва Ургут туманларида бўлиб, мустақиллик улуғ неъмат экани, истиқлол туфайли халқимизнинг онгу тафаккури юксалиб, ҳаётга, меҳнатга муносабати тубдан ўзгаргани, аҳоли турмуш фаровонлиги йил сайин ошиб бораётгани ҳақида ҳаётий мисоллар билан сўзлаб берди.

Ургут туманидаги 31-болалар мусиқа ва санъат мактабида ўтказилган шундай тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси С.Ҳакимов, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори М.Ҳазратқулов, таниқли адиблар А.Дилмуродов, А.Кўчимов ва бошқалар мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар шаҳар ва қишлоқларимизни обод қилиш, халқимиз фаровонлигини янада оширишга хизмат қилаётганини таъкидлади. Бу улкан ўзгариш ва янгиланиш жараёнлари туман мисолида таҳлил этилди. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги фармони асосида ташкил этилган Ургут эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда ўнлаб янги лойиҳалар асосида ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилмоқда. Тоғ ҳудудларида интенсив технологиялар асосида янги ёнғоқзор ва токзорлар яратилди. Туман қишлоқларида аҳоли учун янгиланган лойиҳалар асосида юздан ортиқ арзон уй-жойлар қурилмоқда.

– Туманимиз марказидаги истироҳат боғи бугун Ургутнинг энг кўркам масканларидан бири сифатида доим одамлар билан гавжум, – дейди меҳнат фахрийси Ж.Мамадаминов. – Боғ ҳудудидаги амфитеатр, мусиқа мактаби, сузиш ҳавзаси ва спорт мажмуасига ҳамоҳанг равишда “Нуронийлар маскани” бунёд этилмоқда. Буларнинг барчаси мустақиллик шарофати, халқимиз турмуш даражасини оширишга қаратилган ишлар самарасидир. Бугун элимиз ардоғидаги шоир ва ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар билан учрашув ҳам барчамизда катта таассурот қолдирди.

Учрашувда ургутлик ёшлар ўз ижод намуналаридан ўқиб, устоз адибларнинг маслаҳат ва тавсияларини олдилар.

Тадбирлар доирасида Самарқанд шаҳрида “Самарқанд адиблари” китоби тақдимоти ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, рангтасвир усталари ва ёш ижодкорларнинг расмлар кўргазмаси, таниқли шоирлар иштирокида мушоира ўтказилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
2 666






Все о погоде - Pogoda.uz