ЎзА Ўзбек

11.02.2019 19:12 Чоп этиш версияси

​Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни Алишер Навоий таваллудига бағишланди

​Маънавий юксалиш ва ватанпарварлик куни Алишер Навоий таваллудига бағишланди

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Сурхондарё вилоятидаги ҳарбий қисмларида Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

“Алишер Навоий – ғазал мулкининг султони” мавзусида ўтказилган тадбирда шартнома асосида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар, Жарқўрғон туманидаги 28-, 57-умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.

Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳаёти ва ижоди айниқса, кейинги йилларда жаҳон миқёсида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда. Буюк бобокалонимиз таваллуди куни муносабати билан дунёнинг турли давлатларида илмий анжуманлар, навоийхонлик кечалари ва бошқа маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинаётгани, асарлари қайта-қайта нашр этилаётгани бунинг ёрқин далилидир.

1.jpg

Тадбирда ана шу ҳақда атрофлича сўз юритилиб, Алишер Навоий ғазалларининг маъно-мазмуни ва бугунги кунда ҳам ер юзида тинчликни асраш, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат ва тотувлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамият касб этаётгани мисоллар воситасида таҳлил қилинди.

8.jpg

6 (1).jpg

– Алишер Навоий асарлари инсон қалбини маънан ёритиб, руҳини камол топтиради, – дейди шартнома асосида хизмат қилаётган сержант Ф.Раматов. – Одамни эзгуликка, том маънодаги улуғ фазилатларга эга бўлишга ундайди. Юртга садоқат, ҳалол меҳнат, маърифат, жасорат ва матонат каби юксак хислатлар кенг тараннум этилгани билан ўқувчини ўзига мафтун этади. Албатта, бундай олижаноб фазилатлар биз, ҳарбий хизматчиларнинг эл-юрт тинчлиги-осойишталиги ва обод турмушини таъминлашдаги вазифамизни янада теран англаб олишда муҳим ўрин тутади. Ҳаётда собитқадам бўлиб, ҳамиша сергак бўлишга ундайди.

Тадбирда мактаб ўқувчилари сўз мулкининг султони асарлари асосида тайёрлаган саҳна кўринишларини маҳорат билан намойиш этиб, ғазалларидан намуналар ўқиди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА​
4 438