Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 15:49 Чоп этиш версияси

Маънавий муҳит барқарорлиги – муҳим вазифа

Андижон вилоятининг Избоскан туманида “Маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш – муҳим масала” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда ҳокимликлар мутасаддилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, журналистлар, кенг жамоатчилик иштирок этди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда давлат идоралари раҳбарлари ва аҳоли ўртасида ўзига хос мулоқот тизими йўлга қўйилгани муаммоларни жойида ҳал этиш ва фуқаролар манфаатларини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Қўшни давлат билан чегара ҳудудларидаги маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳолини қийнаётган муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, томорқадан унумли фойдаланиш, янги иш ўринлари яратиш борасида олиб борилаётган ишлар муҳокама этилди.

– Маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга ҳар бир фуқаро масъулдир, – дейди Андижон вилояти ҳокими ўринбосари Ш.Турсунов. – Ушбу жараёнда экстремистик ғоялар юртимизга кириб келиши, аҳоли, хусусан, ёшларнинг ёт ғоялар, турли иллатлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасидаги тушунтириш ишларини кучайтириш, фуқароларни қийнаётган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбирда аҳолининг чегара тартиб-қоидаларига қатъий амал қилиши, ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, бундай ҳолатларга йўл қўяётган фуқароларга нисбатан таъсир чораларини кучайтириш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ёшлар тарбияси билан боғлиқ ишларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Фарзанд тарбиясида йўл қўйилган лоқайдлик оқибатлари акс эттирилган “Тафаккур эҳтиёжи” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА
2 890






Все о погоде - Pogoda.uz