Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.08.2017 16:08 Чоп этиш версияси

Маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим асоси

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 15 июнь куни пойтахтимизда ўтказилган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжумандаги маърузаси замонамизнинг долзарб ва нозик масалаларига бағишлангани билан ижтимоий-маънавий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Жамиятимизда учраётган муаммолар ҳаётий мисоллар асосида таҳлил этилиб, барча давлат ва жамоат ташкилотларига аниқ вазифалар топширилди. Оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, тинч-осуда ҳаётимизни, муқаддас динимиз софлигини асраш ғоят муҳим масала экани таъкидланиб, маънавиятимизни юксалтиришга беқиёс ҳисса қўшган, халқимизни маърифатга бошлаган улуғ алломаларимиз меросини ўрганиш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Маърузада алломаларимизнинг маънавий-илмий меросини ёшларга етказиш борасида бир қанча таклифлар билдирилди. Негаки, бугун жаҳоннинг турли минтақаларидаги экстремистик гуруҳларнинг найрангларига эргашмаслик, бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш йўлларини Абул Муъйин ан-Насафийдек буюк аждодларимиз неча юз йиллар аввал кўрсатиб берган.

Президентимизнинг Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази барпо этиш, Самарқанддаги Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғонадаги Марғиноний илмий марказида ислом ҳуқуқи мактаби, Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарё вилоятидаги Абул Муъйин ан-Насафий марказида ақида илми мактабини ташкил этиш таклифи барча юртдошларимизни беҳад мамнун этди.

Ана шу эзгу мақсадга қаратилган ишларни амалга оширишга ҳисса қўшиш, айниқса, биз, диний жамоалар, имом-хатиблар фаолиятининг асосини ташкил этиши лозим. Бинобарин, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг олдинги сафларида дин пешволари, имом-хатиблар бўлиши керак. Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, масжидларда, турли маърака-маросимларда диний-маърифий тарбия ишларини янада кучайтириш учун нима қилишимизу, нималарга кўпроқ эътибор қаратишимиз зарурлигини муҳокама қилиб, вазифаларимизни белгилаб олдик.

Бугунги кунда айрим давлатларда ислом динини ниқоб қилиб олган бузғунчи тоифаларнинг найрангу зўравонликлари, улар содир этаётган вайронгарчиликлар ҳар қандай эсли-ҳушли одамни ташвишга солади. Бундай нопок ишлардан ёшларимизни асраш ҳар бир соғлом фикрли инсоннинг бурчи эканини одамларга тушунтиришимиз керак. Ота-боболаримиз асрлар давомида пок сақлаб келаётган ислом динини ҳар қандай бузғунчиликдан асраш, бу дин инсонлар қонини ноҳақ тўкишга мутлақо қарши эканини оят-ҳадислар асосида таъсирчан қилиб аҳолига етказишимиз даркор.

Ўз билим ва салоҳиятимизни ишга солиб, ҳар бир адашган кишини йўлдан қайтариш, уни тинглаб, ғоявий душманларга ўлжа бўлишдан асрашда аҳолини фаол бўлишга даъват этиш муҳим бурчимиздир. Бу йўналишдаги фаолиятимизда уюшмаган ёшларга эътибор кучайтирилмоқда. Бунда Президентимизнинг “Ўз болангни ўзинг асра!” деган даъватлари ғоят муҳим аҳамиятга эга. Унинг маъно-мазмунини ҳар бир ота-она яхши англаб етмоғи, қулоқларига қўрғошиндай қуйиб олмоғи лозим. Бунинг учун янгича ёндашувлар, замонавий, таъсирчан воситалардан фойдаланиш талаб этилади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, адашган шахслар билан мулоқот қилмаслик, уларни жамиятдан ажратиб қўйиш уларда давлатга нисбатан норозилик келтириб чиқаради ва қалбини аламзадалик эгаллаб олишига сабаб бўлади. Шунинг учун бундай ёшлар билан кўпроқ мулоқот қилишга, керак бўлса, маҳалла ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиб, ватанпарварлик туйғуларини юксалтиришга ҳаракат қилмоқдамиз.

Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам, афсуски, учраб турибди. Жамиятимизни бундай иллатлардан асрашда туман ва шаҳарлардаги вакилларимиз масъулияти янада оширилмоқда. Бир пайтлар ҳаётнинг ўзи рад этган кундошлик, қўшхотинлик балосининг хунук оқибатларини ҳисобга олмасдан, яширинча никоҳ ўқувчи домлаларнинг фаолиятига чек қўйишда маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга.

Диний маърифат азалдан жамиятимизда маънавий-ахлоқий тарбиянинг муҳим қисми бўлиб келган. Президентимизнинг маърузасида кўҳна тарих тажрибалари ва бугунги замон талабларидан келиб чиқиб билдирилган хулосалар, олдимизга қўйилаётган вазифалар фаолиятимизда муҳим дастуриламал бўлади.

Меҳмонхон Жабборов,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Жиззах вилоятидаги вакили.

ЎзА
5 391






Все о погоде - Pogoda.uz