Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.11.2017 18:51 Чоп этиш версияси

Маъмурий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишда халқаро тажриба

Тошкент давлат юридик университетида "Маъмурий тартиб-таомиллар ва маъмурий суд иш юритуви тамойиллари" мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Анжуман Тошкент давлат юридик университети, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти, Германия Халқаро ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси, Япониянинг Нагоя университети, Корея Республикаси қонунчилик илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда Германия, Швейцария, Австрия, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон сингари йигирмадан зиёд давлатдан ҳамда мамлакатимизнинг суд-ҳуқуқ тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, инсон хуқуқлари бўйича миллий институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, нуфузли олий таълим даргоҳларининг профессор-ўқитувчилари қатнашди.

Конференциянинг очилишида Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов ва бошқалар мамлакатимизда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилаётганини таъкидлади.

Мамлакатимизда маъмурий ҳуқуқий муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштириш, давлат органлари ва ташкилотларнинг фаолиятини қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар босқичма-босқич ишлаб чиқилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Конференцияда хорижий ва миллий экспертлар томонидан Ўзбекистонда маъмурий ислоҳотларнинг самарали амалга оширилиши давлат органлари ходимларининг халқ олдидаги масъулиятини, жавобгарлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Маъмурий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилиши, қабул қилиниши ва ижро этилишига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали сифатли давлат хизматлари кўрсатилишини таъминлаш, маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш мумкин.

Маъмурий ҳуқуқ ва суд ишини юритиш соҳаларида тажриба алмашиш, бу борада хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида ташкил этилган конференцияда суд жараёнлари адолат мезонлари ва очиқлик тамойиллари асосида ўтишини таъминлашда судьяларнинг касб маҳоратини ошириш, хорижий тажрибани ўрганиш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Юртимизда бу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни ўз самарасини бераётгани хорижлик мутахассислар томонидан алоҳида эътироф этилди.

– Ўзбекистонлик ҳуқуқшунослар билан самарали ҳамкорлик қилиб келамиз, – дейди Нагоя университети профессори Кацуя Ичихаши (Япония). – Давлатингиз раҳбари томонидан суд-ҳуқуқ соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунга мисол қилиб, маъмурий судларнинг жорий қилинганини ҳам айтиш мумкин. Ўзбекистон билан ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ниятидамиз. Мазкур конференция бу борадаги ишлар кўламини янги босқичга олиб чиқишига ишонамиз.

Конференцияда Ўзбекистонда маъмурий тартиб-таомиллар ва маъмурий суд иши юритувининг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, ушбу соҳада халқаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
2 791






Все о погоде - Pogoda.uz