ЎзА Ўзбек

13.06.2019 14:19 Чоп этиш версияси

Маъмурий судлов фуқароларга яратилган қулайликдир

Маъмурий судлов фуқароларга яратилган қулайликдир

Тошкентда "Ўзбекистон Республикасининг маъмурий судлов тизими: замонавий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтмоқда.


Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, “Тараққиёт стратегияси” маркази, БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси, ЕХҲТнинг инсон ҳуқуқлари ва демократик институтлар бўйича бюроси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар офиси координатори, АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик фонди (IPZ) билан ҳамкорликда ташкил этилди. 


Мазкур тадбир ўтган йил Самарқанд шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон Декларациясининг 70 йиллигига бағишлаб ўтказилган Осиё форуми якуний натижаларини амалга татбиқ этиш учун ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” талабидан келиб чиқиб ўтказилмоқда.

Унда судьялар, сенаторлар, депутатлар, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Адвокатлар палатаси, академия вакиллари, шунингдек, Россия, Австрия, Арманистон, Беларусь, Германия, Испания, Қозоғистон, Қирғизистон, Франция, Украина, Тожикистон, Туркманистон ва АҚШ каби давлатлардан экспертлар иштирок этмоқда.


Конференцияда Олий суд раиси К.Комилов Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимидаги демократик ислоҳотларнинг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш эканлигини алоҳида қайд этди.


Бунинг учун ягона суд амалиёти шакллантирилиши билан бир қаторда ишларни сифатли кўриб чиқиш учун соҳавий судлар ташкил этилди. Яъни жиноят, фуқаролик, маъмурий, иқтисодий судлар тизими фаолият юритмоқда ва ривожлантирилмоқда. 

Ўзбекистонда Маъмурий судлар тизими 2018 йилда яратилди. Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекс кучга кирди.

Конференция очилишида сўзлаган БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили М.Димовска, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б. Х.Им, АҚШ Халқаро Тараққиёт агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Г.Роббинос Ўзбекистонда маъмурий судлар фаолияти йўлга қўйилгани фуқароларга катта қулайлик яратганига юқори баҳо берди.

Конференция давом этмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА
1 207