ЎзА Ўзбек

12.01.2019 15:28 Чоп этиш версияси

Маъмурчилик омили

Маъмурчилик омили

Термизда солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Сурхондарё вилояти давлат солиқ бошқармаси ва вилоят прокуратураси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари, ҳисобчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Мамлакатимизда жорий йил 1 январдан солиқ тўловларида рўй берган ўзгаришлар корхоналар даромади ва бюджет тўловларини оширишга йўналтирилгани билан аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қулай имконият яратди. Солиқ юки сезиларли даражада пасайтирилди. Қўшимча қиймат солиғи ва фойда солиғини ҳисоблаш ҳамда тўлаш тартиби ўзгартирилди. Ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш ва тўлашда ўзгаришлар бўлди.

Мазкур концепцияда белгилаб берилган вазифаларни изчил жорий этиш ва кенг тарғиб қилиш учун штаб ташкил этилиб, ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилди.

– Бу жараёнда қўшимча қиймат солиғи маъмуриятчилиги юзасидан айрим тушунмовчиликлар бўлаётгани сир эмас, – дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Хуршид Бозоров. – Шунга мувофиқ, ишчи гуруҳимиз жойларда концепциянинг аҳамиятини тарғиб қилиб, мутахассисларга қўшимча қиймат солиғи билан боғлиқ масалаларни атрофлича тушунтирмоқда. Шу мақсадда қўшимча қиймат солиғи тўловчи ҳар ўн тадбиркорлик субъектига бир нафар солиқ ходими, 30 тасига прокуратура органининг бир ходими бириктирилиб, амалий ёрдам кўрсатаётир. Шунингдек, ҳисобчиларни қизиқтирган саволларга тезкор жавоб бериш учун телеграмм мессенжерида каналимизни ишга туширдик. Бу ҳам хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб-китоб ишларини тўғри юритишида самара бермоқда.

Давра суҳбатида таъкидланишича, қўшимча қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби солиқ маъмуриятчилиги сифатини яхшилаш учун асос шакллантириш имконини берадиган ўтиш чораси бўлиб, у 2021 йил 1 январгача бўлган даврга жорий этилмоқда. Бу тартибни йиллик маблағ айланмаси 1 миллиард сўмдан 3 миллиард сўмгача бўлган корхоналар қўллаши мумкин. Йиллик даромади 3 миллиард сўмдан ошган хўжалик юритувчи субъектларга қўшимча қиймат солиғини стандарт тартибда тўлаш имконияти берилган.

Маълумотларга кўра, жорий йилда вилоятда 1 минг 12 тадбиркорлик субъектининг қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтиши кутилмоқда. Термиз шаҳридаги “Мармар” хусусий ишлаб чиқариш кичик корхонаси қурилиш ишлари билан шуғулланади. Корхона жорий йилдан умумбелгиланган тартибда солиқ тўлашга ўтди.

– Хомашё оладиган ҳамкор ташкилотларимизнинг барчаси қўшимча қиймат солиғи тўловчилари саналади, – дейди “Мармар” хусусий ишлаб чиқариш кичик корхонаси ҳисобчиси З.Аҳматов. – Биз ҳам эндиликда 20 фоизлик стандарт қўшимча қиймат солиғи тўлаймиз. Бунинг натижасида бизда харид қилаётган товарларимизни ҳисобга олиш имконияти пайдо бўлди. Бу тартиб биз учун жуда қулай. Бундан ташқари, ягона ижтимоий тўловнинг 15 фоиздан 12 фоизга туширилаётгани анча маблағни тежаб қолиш имконини берди. Корхонамизда 50 ишчи-ходим меҳнат қилади. Ягона ижтимоий тўлов пасайтирилгани 18 миллион сўм, суғурта бадалининг бекор қилингани 48 миллион сўм маблағни тежаб қолади. Бу маблағ ишчилар ойлик маошини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга йўналтирилади.

Тадбирда иштирокчилар қўшимча қиймат солиғини соддалаштирилган ва стандарт тартибда тўлаш тартиби, фойда солиғи ва ягона ижтимоий тўловни ҳисоблаш ҳамда тўлаш масалалари бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА
1 105