Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

05.09.2018 13:29 Чоп этиш версияси

Мамлакатнинг эртанги тараққиёти бугунги жажжи қўллар билан бунёд этилади

Мамлакатнинг эртанги тараққиёти бугунги жажжи қўллар билан бунёд этилади

Юртимизда янги ўқув йили дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида учрамайдиган эзгу анъана билан бошланади. Дастлабки дарс машғулотлари “Мустақиллик дарслари” билан бошланади. Мактаб остонасига илк қадам қўйган ҳар бир ўғил-қизга ўқув йилининг биринчи куни Президентимизнинг махсус совғалари топширилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Тошкент шаҳридаги 47-умумтаълим мактабида ҳам биринчи қўнғироқ садолари янграб, “Мустақиллик дарслари” бўлиб ўтди. “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида ўтказилган дарсларда халқимизнинг азалий орзуси, миллий ўзлигимизни англаш, ғурур-ифтихоримиз тимсоли бўлмиш истиқлолнинг аҳамияти, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бугунги тинч ва осойишта ҳаётнинг қадрига етиш шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир фуқаронинг бурчи экани таъкидланди. 2018-2019 ўқув йилида мактабимизда биринчи синфга ўқишга қабул қилинган 260 нафар болажонга Президентимиз совғалари – дарсликлар, ўқув анжомлари тантанали тарзда топширилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ўқитувчиларимиз бу йилги ўқув йилини ҳар қачонгидан-да катта шижоат, иштиёқ билан бошлади. Негаки, Президентимизнинг 2018 йил 14 августдаги "Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори соҳада амалга оширилаётган амалий ишларни янги босқичга олиб чиқишда янги имкониятларни очиб, ўқитувчилик касбининг обрўсини тиклаш ва оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Янги ўқув йилида педагог ходимларнинг ижтимоий мавқеи ва нуфузи юксалди. Ўқитувчиларнинг ойлик маоши оширилди. Улар таълим жараёни билан боғлиқ бўлмаган турли йиғилиш ва тадбирларга жалб этилмайдиган бўлди. Умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиларидан дарс ва тўгарак машғулотларини ташкил этиш, синф журналини юритишдан ташқари бошқа педагогик юкламалар бўйича ҳисоботлар ва қўшимча маълумотларни талаб қилиш қатъий тақиқланди.

Қувонарлиси, таълим соҳасидаги ислоҳотлар самарасида мактабимиз янги қиёфа касб этди. Жорий ўқув йилига тайёргарлик жараёнида ҳомийлар кўмагида синф хоналари сифатли таъмирланди, барча фанлар бўйича чуқурлаштирилган билим беришга мослаштирилган кенг ва ёруғ ўқув кабинетлари, компьютер хонаси, замонавий ахборот-ресурс маркази, маънавият ва маърифат хонаси, спорт зали барча зарур жиҳозлар билан таъминланган. Ўқувчиларни сифатли озиқ-овқат билан таъминлаш мақсадида мактаб ошхонаси буткул янгитдан жиҳозланди.

Илгари мактабимизда ўқувчиларнинг умумий сони 500 нафарга ҳам етмаган. Ҳукуматимизнинг таълим соҳасидаги ислоҳотлари натижасида мактабимиз йилдан йилга юксалиб борди. Педагогларимизнинг ўз ишига сидқидилдан ёндашуви, қулай шарт-шароитлар, замонавий жиҳозлар ота-оналарнинг фарзандларини шу даргоҳда ўқитишига қизиқишини ошириб бормоқда. Мана, бугунги кунда ўқувчиларимиз 1400 нафарга етди.

Комил ишонч билан айтаманки, ҳар бир педагог, аввало, Юртбошимизнинг юксак эътирофига муносиб бўлишга ҳаракат қиладилар. Улар ҳар бир боладаги мурғак истеъдодни, доҳиятни юзага чиқаришга виждонан ёндашиб, Ватанимизга етук фарзандлар тарбиялайдилар. Зеро, мамлакатнинг эртанги тараққиёти бугунги жажжи қўллар билан бунёд этилади

Раъно Раҳимова, 
Тошкент шаҳар Сергели туманидаги 47-умумтаълим мактаби директори

1b7f1985-7ab0-474a-bf19-2e3097bfc4fe.jpg

1ecd3a92-3a72-4101-922a-e5984a723473.jpg

23f4d168-f396-4b70-933c-c4b138171f4e.jpg

32e6e631-e86d-422e-8e8f-8ac032a37a67.jpg

83d9bf08-f9c9-4d22-bc91-8900649d418c.jpg

374b4915-d382-48bf-b4c0-577737b47587.jpg

16266826-95e6-4430-a056-65621ad7cdb9.jpg

a4b9087b-e5a7-4995-912d-e17e65510cb1.jpg

a6267540-0704-4b59-bc1b-e7f36bbb7bf8.jpg

e51d9890-297b-4647-ad5b-fd826cdbf0d8.jpg

ЎзА