ЎзА Ўзбек

12.01.2019 16:11 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда Урбанизация агентлиги ташкил этилади

Мамлакатимизда Урбанизация агентлиги ташкил этилади

Президентимизнинг 2019 йил 10 январдаги “Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармонида бу борада атрофлича баён қилинди. Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида ташкил этиладиган янги агентликка бир қатор вазифалар белгиланди.

Жумладан, агентлик мамлакатимизда урбанизация соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширади. Саноатлаштириш сиёсатининг суръатлари, босқичлари ва натижаларини узоқ муддатли режалаштириш, шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини ҳисоблайди.

Шунингдек, “ўсиш полюслари”ни аниқлаш, бошқарув марказлари жойларини танлаш, таълим, меҳнат бозорини шакллантириш, ички ва ташқи миграция соҳаларидаги сиёсатни келишиш ҳам агентликнинг асосий вазифалари этиб белгиланди.

Агентлик томонидан қишлоқ аҳолисини янги саноат ихтисосликларига ўқитиш ва қайта тайёрлашга қаратилган қатор институционал ва ташкилий чора-тадбирларни белгилашни назарда тутувчи, ишчи кучининг қишлоқлардан шаҳарларга ҳаракатланишини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилади. Келгусида мамлакатимизда илғор, энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этган ҳолда йўлдош-шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олиб, шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқаради. Бу жараёнларда ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмалари ҳам қамраб олинган.

Урбанизация агентлиги жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар аҳолисини жойлаштириш тизимини комплекс ривожлантиришни тартибга солиш, кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатини шакллантиради.

А.Мусаев, ЎзА​​
2 590