Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.01.2018 18:56 Чоп этиш версияси

Ўзбекистонда низоларни ҳал этишнинг муқобил шакли жорий этилади

2018 йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида парламентимиз турли соҳаларни тубдан яхшилашга қаратилган самарали қонунларни ишлаб чиқиши зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шу боисдан ҳам депутатлар қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш чоғида давлатимиз раҳбари томондан белгилаб берилган вазифаларни амалда рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратдилар.

Мажлис “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишдан бошланди. Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда низоларни мустақил шахслар – медиаторлар иштирокида бартараф этишнинг муқобил усулларини ривожлантириш ҳамда судлар зиммасидаги юкни енгиллаштириш учун ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шу маънода депутатлар мамлакатимизда маҳалла оқсоқоллари азал-азалдан қўшнилар, оила аъзолари, эр-хотин ва ҳоказолар ўртасидаги можароларни ҳал этиш вазифасини бажариб келганлигини таъкидлаб ўтдилар. Бундай амалиёт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганидан сўнг ҳуқуқий асосга эга бўлди. Ушбу қарор фуқароларнинг маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ҳузурида ташкил этилган ярашув комиссияларининг фаолиятини тартибга солди. Бунда, депутатлар таъкидлаб ўтишганидек, мазкур тартиб-таомиллар “медиация” атамаси билан номланмайди. Медиация деганда можарони холис, адолатли, ушбу можародан манфаатдор бўлмаган учинчи томон – медиатор иштирокида ҳал этишнинг муқобил шакли тушунилади. Медиатор томонларга низо юзасидан муайян битим тузишга ёрдам беради. Медиацияда томонлар низони бартараф этишга ҳамда уни ҳал этиш шарт-шароитларига доир қарор қабул қилиш жараёнини тўлиқ назорат қила оладилар.

Депутатларнинг таъкидлашича, низоларни ҳал этишда медиацияни қўллаш вақтни тежаш ва низолашувчи томонларнинг – фуқаролар, ташкилотларнинг, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг суд харажатларини қисқартириш имконини беради. Улар ўзлари ўртасида юзага келган низоларни судгача олиб бормасдан, адвокатларни жалб этмасдан ва суд муҳокамаси билан боғлиқ давлат божи ва харажатларни тўламасдан ўзаро манфаатли шартлар асосида ўзлари учун қулай жой ва вақтда тез ҳамда арзон ҳал этиш имкониятига эга бўладилар. Шундай қилиб, томонларда юзага келган низони тез ҳал қилиш имконияти пайдо бўлади.

Шу билан бирга, “Медиация тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши низоларни судга қадар бартараф этиш соҳасида юзага келувчи муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг тизимлилиги ва кенг кўламлилигини таъминлашини, низоларни судга қадар бартараф этишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини яратишини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Шундан сўнг депутатлар “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.

Депутатлар давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилишнинг муҳимлигини алоҳида таъкидладилар. Шу туфайли ҳам кўриб чиқилаётган қонун лойиҳаси муҳим аҳамиятга моликдир.

Бундан ташқари, дунёнинг айрим мамлакатлари халқаро тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатадики, АҚШ, Чили, Россия Федерацияси, Беларусь ва Қозоғистон сингари мамлакатлар давлат харидларининг энг самарали тизимига эга бўлиб, уларда хариднинг бутун жараёни ягона ҳужжат – қонун билан тартибга солинади.

Мажлисда таъкидлаб ўтилганидек, қонун лойиҳаси давлат харидлари соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, амалиётдаги мавжуд қарама-қаршиликлар ва эскирган нормаларни бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Депутатлар қонуннинг қабул қилиниши давлат харидлари тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини оширишини алоҳида таъкидладилар. Чунончи, қонун лойиҳасида давлат харидларининг махсус ахборот порталини очиш назарда тутилмоқда.

Шундай қилиб, мамлакатимизда давлат харидларининг аниқ тизими йўлга қўйилади, у бюджет маблағлари ва бошқа молиявий маблағлардан юқори даражада самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлайди. Ўз навбатида, бу чора-тадбирлар ушбу соҳадаги соғлом рақобатни мустаҳкамлашга ва коррупция ҳолатларини истисно этишга хизмат қилади.

Шундан кейин депутатлар “Ўзбекистон Республикаси, Қозоғистон Республикаси ва Туркманистон ўртасида уч давлатнинг Давлат чегаралари туташган нуқтаси ҳудуди тўғрисидаги Шартномани (Самарақанд, 2017 йил 10 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.

Шартномада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистоннинг давлат чегаралари туташган нуқтасининг ҳудуди жойлашган ер ҳамда туташган нуқта ҳудудидаги давлат чегаралари линиялари ўтадиган жой белгилаб қўйилган, шунингдек, тегишли тавсиф тузилган.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларни муҳокама қилиш сиёсий партиялар фракцияларининг нуқтаи назарини инобатга олган ҳолда ўзаро манфаатли мунозара шаклида ўтди. Муҳокама этилган қонун лойиҳаларини маъқуллаш ҳамда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрлаш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати


10 562