Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 18:02 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда инфляция қандай ҳисобланади?

Мамлакатимизда инфляция қандай ҳисобланади?
Ўзбекистонда инфляция даражасини ҳисоблаш тартиби 1994 йилдан бошлаб, Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ)нинг техник кўмагида, шунингдек, “Истеъмол нархлари индекси бўйича қўлланма: Назария ва амалиёт” (ХВЖ, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти, Европа ҳамжамияти статистика бюроси (Евростат), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Европа иқтисодий комиссияси (БМТ ЕИК), Бутунжаҳон банки ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ)нинг услубий қўлланмалари ҳамда тавсиялари асосида ишлаб чиқилган истеъмол нархлари индексларини ҳисоблаш услубий низоми асосида амалга оширилмоқда. Мазкур услубий низом мамлакатда содир бўлаётган инфляция жараёнларини имкон қадар объектив акс эттириш мақсадида доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда.

Инфляция кўрсаткичининг нечоғлик аҳамиятли эканлигини тасдиқловчи Президентимизнинг 2017 йил 23 июндаги “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги “Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари асосида “Товар ва хизматларнинг истеъмол нархлари (тарифлари) кузатувини ташкил этиш ва истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш бўйича услубий низом” такомиллаштирилиб, Давлат статистика қўмитасининг 2017 йилнинг 28 декабрдаги 6-сонли қарори билан Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Марказий банк билан келишилган ҳолда тасдиқланди.

Мазкур услубий низомга асосан, республикада инфляция даражасини ҳисоблашда 2018 йилдан бошлаб, 386 турдаги товарлар ва хизматларнинг ўртача нархлари кузатуви мамлакатнинг 120 та туман ва шаҳарлари кесимида амалга оширилмоқда. Ушбу тўпламга нафақат ижтимоий аҳамиятга эга товарлар ва хизматлар (нон, ун, ёғ, гўшт, коммунал хизматлар ва бошқалар), балки фойдаланишда мажбурий бўлмаган маҳсулотларни ҳам ўз ичига олади (масалан, енгил автомобиллар, бензин, заргарлик буюмлари, қишлоқ хўжалиги ускуналари ва бошқалар).

Мамлакатимизда халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган услубий низом бўйича шакллантирилган маълумотларга мурожаат этадиган бўлсак, жорий йилнинг июль ойида кузатилган дефляция даражаси (0,3 %) ноозиқ-овқат маҳсулотларнинг (1,7 %) ҳамда хизматларнинг (0,5 %) қимматлашиши баробарида озиқ-овқат маҳсулотлари умумий нархларининг ўртача 2,3 фоизга арзонлашгани натижасида вужудга келганлигини кўришимиз мумкин. Бу борадаги тўлиқ маълумотлар билан қўмитанинг расмий сайти орқали батафсил танишишингиз мумкин.

Иқтисодиётдаги инфляция жараёнларини чуқур таҳлил қилиш мақсадида Марказий банк томонидан алоҳида тартибда олиб борилаётган кузатувлар айрим турдаги товар ва хизматлар нархлари ўзгариши динамикасини акс эттиради. Марказий банк томонидан эълон қилинаётган маълумотларида кўрсатиб ўтилганидек, мамлакатда инфляция даражасини акс эттирувчи истеъмол нархлари индекси Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан ҳар ойда шакллантирилиши ва ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиниши таъкидланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика 
қўмитаси ахборот хизмати

ЎзА
8 585