ЎзА Ўзбек

24.03.2020 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни қандай қилиб икки бараварга ошириш мумкин?

Мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқаришни қандай қилиб икки бараварга ошириш мумкин?

Бугунги кунда Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб қарийб 69 миллиард кВт/соатни ташкил этади. Мутахассисларнинг фикрича, 10 йилдан сўнг ушбу кўрсаткич 117 миллиард кВт/соатгача ошади.

Шу билан бирга, давлатимиз томонидан 2018 йилда ратификация қилинган Иқлим бўйича Париж битимига мувофиқ, атмосферага зарарли чиқиндиларни камайтириш бўйича чораларни кўриш ҳам долзарб масалалардан. Шундай экан, мамлакатимиз қандай қилиб бир вақтнинг ўзида иккита муҳим вазифани бажариши – атмосферага чиқувчи зарарли "иссиқхона гази" чиқиндиларини камайтирган ҳолда саноат ва уй хўжаликларининг электр энергиясига ортиб бораётган талабини қондириши мумкин?

Чиқиндиларнинг асосий улуши углеводородлар – кўмир, нефть ва табиий газни ёқиш жараёнида ҳосил бўлганлиги боис, янги энергия манбаларини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир. Мутахассисларнинг фикрича, қайта тикланадиган энергия манбаларини, яъни – қуёш, шамол, сув асосидаги генерация манбаларини ривожлантириш керак. Лекин қайта тикланадиган энергия манбалари кўп жиҳатдан табиий ҳамда иқлим шароитларига боғлиқ бўлади. Бироқ аҳоли, айниқса, саноат соҳаси доимий, узлуксиз электр энергиясига муҳтождир. Мамлакатни электр энергияси билан таъминлаш ва атмосферага зарарли "иссиқхона гази" чиқиндиларини камайтириш учун мутахассислар энергия балансига эришиш йўлларини изламоқда. Масаланинг ечими сифатида эскирган кўмир станциялари миқдорини камайтирувчи энергия мувозанатига эришиш, қайта тикланадиган энергия манбаларини ишга тушириш режалаштирилган.

Дарвоқе, бундай саъй-ҳаракатларда “яшил энергетика” манбаи –АЭСлар фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Чунки атом электр станциялари атмосферага зарарли чиқиндиларни чиқармайди ва шу сабабли ҳам ушбу кўрсаткич бўйича "тоза" энергия турига киритилади. Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар энергия балансини диверсификациялашнинг айнан шундай усулини танламоқда.

– 2018 йилда Ўзбекистон Париж битимини ратификация қилди ва 2030 йилга келиб иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга, шу жумладан, қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқаришдаги умумий ҳажмни ошириш ҳисобига қисқартириш мажбуриятини ўз зиммасига олди, – деди Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Фарруҳ Ҳасанов. – Шу ўринда, қайта тикланувчи энергия манбалари сингари иссиқхона газларини қисқартириш ва табиий ресурсларни тежаш борасида атом энергетикасининг ҳам ҳиссаси беқиёслигини дунё тажрибаси аллақачон кўрсатиб берганини алоҳида қайд этиш зарур. Бунга эса юртимизда бу борада қўйилган қадамлар ҳам ёрқин мисолдир.

Мамлакатимизда Россия лойиҳаси бўйича «3+» авлодга мансуб “ВВЭР-1200” энергетик реакторларга эга иккита энергоблокдан иборат дунёдаги энг замонавий атом электр станцияси – АЭС қуриш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мазкур атом электр станцияси йилига 18 милилард кВт/соатдан ортиқ электр энергиясини ишлаб чиқара олади, шу билан бирга, "иссиқхона газлари"нинг атмосферага чиқиши олди олинади. Агар шундай қувватга эга иссиқлик электр станциясида электр энергияси ишлаб чиқарилса, йилига тахминан 14 миллион ис гази ва 36 минг тонна азот диоксиди ҳосил қилган бўлар эди.

– Бугунги кунда энергетика соҳаси вакиллари олдида турган асосий вазифа, биринчидан, республиканинг табиий имкониятлари, иккинчидан, халқаро тажриба ва замонавий энергия тежовчи технологияларнинг арсеналини ҳисобга олган ҳолда уйғунлашган энергия балансини ишлаб чиқиш ва яратишдир. Жаҳон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда шуни эътироф этиш мумкинки, қайта тикланадиган энергия манбалари ҳамда базавий энергия манбаи сифатида атом электр станциялари (АЭС) давлатимизнинг энергетика хавфсизлигини кафолатлаши, мамлакатимиз аҳолиси ва иқтисодиётини узоқ муддатгача юқори сифатли, арзон электр энергияси билан узлуксиз таъминлаши мумкин, – дея таъкидлади “Ўзатом” агентлигининг атом энергетикаси ва ядровий технологиялар бошқармаси бошлиғи Қосим Тўхтахунов.

Турли мамлакатларда энергия тизимларини ривожлантириш тажрибасига назар ташлаганимизда, биз замон талабларига жавоб берадиган ягона ва идеал энергия манбаи йўқлигини кўрамиз. Энг мақбул ечим – турли хил кўринишдаги электр энергиясининг комбинацияси ҳисобланади, айнан шу йўлни Ўзбекистон ҳам танлаган. 2030 йилгача ГЭСларнинг амалдаги қувватини 1,9 ГВт дан 3,8 ГВт га ошириш, шунингдек, мувофиқ равишда 5 ГВт ва 3 ГВт қувватга эга қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш режалаштирилмоқда. АЭСдаги икки реакторнинг қуввати 2,4 ГВтни ташкил этади. Шунингдек, аҳоли томонидан қўшимча 1 ГВт атрофида кичик фотоэлектр қуёш станциялари ўрнатилиши кутилмоқда.

Мухтасар айтганда, юртимизда электр энергиясига бўлган талабни қондириш мақсадида ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси тўлиқ таъминланса, биз замонавий энергия самарадор технологияларга асосланган иссиқлик электр станциялари учун ҳам ўрин топилувчи энг мақбул энергия балансига эга бўламиз. Қайта тикланадиган энергия ва атом энергетикаси эса ўзаро рақобатлашмаган ҳолда бир-бирини тўлдиришга хизмат қилади.


10 120
Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА