ЎзА Ўзбек

16.09.2020 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда 99,5 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган

Мамлакатимизда 99,5 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган
16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш куни 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси томонидан 16 сентябрь – Халқаро озон қатламини муҳофаза қилиш кунига бағишланган семинар ўтказилди.

Ер юзида озон қатламини емирувчи бирикмаларнинг ҳаддан ташқари кўп ишлатилиши натижасида ўтган асрнинг 80-йиллари охирига келиб озон қатламида “озон дарчалари” ҳосил бўлган ва унинг ҳимоя функциялари сусайган. 1985 йилда Озон қатламини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Вена конвенцияси қабул қилинганлиги озон муаммосини ҳал этиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларнинг аниқ механизми бўлди.

Мазкур Конвенция доирасида илмий тадқиқотларни ўтказишда халқаро ҳамкорлик, озон қатламини тизимли мониторинг қилиш, озонни емирувчи моддалар – хлорфторуглеродли бирикмаларнинг ишлаб чиқарилиши мониторинги ва ахборот алмашинуви кўзланган.

Қайд этилганидек, илмий тадқиқотлар давомида озонни емирувчи энг зарарли моддалар ҳамда келгусида халқ хўжалигида ишлатиш учун яроқли бўлган моддалар аниқланиб, унинг натижалари 1987 йил 16 сентябрда ривожланган ва ривожланаётган давлатлар томонидан Озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколининг қабул қилинишига асос бўлди.

Монреаль протоколи озон қатламини муҳофаза қилишдек глобал муаммони ечишда муҳим ҳужжатга айланди. Унда озонни емирувчи асосий моддалар белгиланиб, уларга таркибида хлор, фтор, бром, углерод ва водород каби углеводород синфига тааллуқли кимёвий бирикмалар киритилган. Уларни ишлаб чиқариш ва фойдаланишни қисқартириш, охир оқибат умуман бартараф этиш бўйича режа-жадвал, шунингдек, бу жараён устидан назорат белгиланган.

Дунё ҳамжамиятидаги бошқа мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам озон қатламини муҳофаза қилиш борасида муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Озон қатламини муҳофаза қилиш масалалари давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қаторидан мустаҳкам жой олди.

Вена конвенцияси талаблари ижроси ҳамда Миллий дастур доирасида озон қатламини емирувчи моддаларни муомаладан босқичма-босқич чиқариш мақсадида саноат корхоналарида ишлаб чиқаришни озонга хавфсиз маҳсулотларга ўтказишни қўллаб-қувватлаш, озон қатламини емирувчи моддалар ва таркибида улар мавжуд бўлган маҳсулотларни утилизация қилиш тизимини ишлаб чиқиш, ушбу моддалар ноқонуний айланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Республикамиз бўйича 99,5 фоиз озон қатламини емирувчи моддалар муомаладан чиқарилган ва бу Монреаль протоколи билан режалаштирилган муддатдан илгарилашга эришилди.

Семинарда сўзга чиққанлар озон қатламини емирувчи моддалар бўйича Монреаль протоколи талабларини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар ҳолати юзасидан маълумот бериш билан бирга, мазкур протокол талабларини амалга ошириш механизмини ва атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Семинар якунида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

2 049
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА