ЎзА Ўзбек

13.08.2019 19:10 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда 5 минг 98 хусусий клиника фаолияти йўлга қўйилган

Мамлакатимизда 5 минг 98 хусусий клиника фаолияти йўлга қўйилган

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори ижроси юзасидан маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, хусусий соғлиқни сақлаш муассасаларини ривожлантириш, ушбу соҳада давлат-хусусий шериклигининг ҳуқуқий асосларини яратиш, инвестицияларни, айниқса, чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш, аҳолининг юқори технологик тиббий хизматлар ва ускуналардан фойдаланиш имкониятларини оширишда нодавлат сектор иштирокини рағбатлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш орқали аҳолини сифатли ва самарали тиббий хизмат билан қамраб олишда давлат ва хусусий тиббиёт муассасалари ҳамкорлигини ривожлантириш, тиббиёт соҳасига инвестицияларни жалб қилиш орқали соғлиқни сақлаш соҳасининг моддий-техник базасини кучайтириш, тиббий хизмат сифатини ошириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг 2019 йил 16 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 10 майдаги “Давлат хусусий шериклик тўғрисида”ги қонуни бу соҳадаги ишларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклигини жорий этишнинг институционал ва ҳуқуқий механизмларини жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда 5 минг 98 хусусий клиника фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, 2012 йилга нисбатан уларнинг сони 1 минг 793 тага кўпайгани кейинги йилларда соҳа ривожига йўналтирилган ишлар самарасидир. Мутахассислар сўзларига кўра, айни пайтда тиббиёт тизимини янада такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестициялар оқимини кўпайтириш, инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шериклик тизими жорий этилмоқда.

Юқоридаги норматив ҳужжатларга асосан соғлиқни сақлаш соҳасида давлат ва хусусий шериклар ўртасида жамоат инфратузилмасини лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, яратиш, жиҳозлаш, модернизация қилиш, молиялаштириш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш каби шаклларни бирлаштириш орқали амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди. Бугунги кунда соҳада бирламчи аҳамиятга эга йўналишлардан бири бўлган гемодиализ хизматини давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Ҳозирда ушбу лойиҳани амалга оширишга 9 хорижий компания қизиқиш билдирган бўлиб, тендер асосида улардан энг яхши таклиф билдирган компания билан битим тузилиши белгиланган.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосида онкология, реабилитация ва кўп тармоқли тиббиёт марказлари ташкил этиш, электрон соғлиқни сақлаш тизимини, Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида тиббиёт кластерини яратиш режалаштирилган ва ушбу лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Давлат тиббиёт муассасаларининг асосий эътиборини даволаш ишларига қаратиш орқали тиббий хизматлар сифатини ошириш мақсадида, тиббиёт муассасаларини қўшимча ва ёрдамчи функцияларини тадбиркорларга аутсорсинг асосида ўтказиш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш, аҳолига юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналардан кенг фойдаланган ҳолда малакали тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида ҳам маълумот берилди.

Моҳигул ҚОСИМОВА, ЎзА
5 914