Мамлакатимизда 14-15 март кунлари умумхалқ хайрия ҳашари бўлиб ўтади
Ҳашар кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади.
Тўю тантаналар ўтказиладиган манзиллар қиёфасини бир кўз олдингизга келтиринг. Ҳаммаёқ саришта, ҳаммаёқ озода, ҳаммаёқ саранжом... Бу — инсонинг тутуми. Қадимий таомил. Аслида эса буни одам боласи табиатнинг йўриғидан ўрганган бўлса ажаб эмас.
Мана, янгиланиш фасли келиши билан она-табиатнинг ўзи заминга сайқал беряпти. Ён-атрофни яшилликка буркамоқда, дарахтлар шохларига гулу чечаклар тақаётир. Лекин баҳор нафасига ҳамоҳанглик зарур. Табиатнинг ишига ҳам кўмак керак. “Наврўз”нинг қадимий фалсафаси — шу! Қолаверса, бу умумхалқ байрами олдидан ўтказиладиган анъанавий хайрия ҳашарларининг асл моҳиятини ҳам яққол ифода этади.
Қадриятда қадримиз бўлсин, дейди ота-боболаримиз. Мана, ўша қадриятларимиз қадр топадиган дамларга саноқли кунлар қолди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, жорий йил 14-15 март кунлари мамлакатимиз бўйлаб “Обод юрт“ умумхалқ ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш хайрия ҳашари ўтказиладиган бўлди.
Эътибор берган бўлсангиз, бу йилги ҳашарга алоҳида ном берилибди — “Обод юрт”. Демак, кимки Ватан ободлигига муносиб ҳисса қўшишни истаса, марҳамат, умумхалқ ишига дохил бўлсин!
Аслида, бундай кенг миқёсли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари элнинг жипслигини синовдан ўтказади. Шу сабабли бўлса керак, неча асрларки, бу анъана барҳаёт. Ҳашар дейилса, етти ёшдан етмиш ёшгача бўлганлар белини маҳкам боғлаб эзгу ишга отланади.
Хўш, бу йилги умумхалқ хайрия ҳашарида қандай ишлар бажарилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда ҳукуматимиз фармойишида алоҳида вазифалар белгиланган. Чунончи, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари умумхалқ ҳашари ўтказиладиган кунлари ўз ҳудудларида дарахт ва гул кўчатлари экиб, боғ ва гулзорлар яратиш, маҳаллалар, таълим муассасалари, аҳоли пунктлари, кўп қаватли бинолар ва қабристонларни ҳамда болалар майдончаларини тартибга келтириш ишларига бош-қош бўладилар.
Ҳашар кунлари ижтимоий ҳимояга муҳтож кексалар, пенсионерлар ва ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз қариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилади.
Умумхалқ ҳашари доирасида бўлмаган бошқа турдаги жамоат ишлари, шу жумладан, қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этилишига қатъий йўл қўйилмаслиги ҳам ҳужжатда алоҳида қайд этилган. Бинобарин, автомобиллар серқатнов йўллар, сув объектлари, қирғоқбўйи ҳудудлар ва зоналар, қурилиш майдонлари, бино ва иншоотлар томлари, хавфли ишлаб чиқариш объектлари, шунингдек, инсонлар ҳаёти ёки соғлигига хавф туғилиши мумкин бўлган бошқа жойларда ихтиёрий ташаббус билан ҳашарлар ўтказиш тақиқланади.
Бундан ташқари, умумхалқ хайрия ҳашари доирасида 14 март куни республика миқёсида ёшлар иштирокида экологик акциялар ташкил этилиши ҳам кўзда тутилган.
14-15 март кунлари барча юртдошларимиз умумхалқ ишидан четда турмайди, деган умиддамиз.