Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.12.2017 16:36 Чоп этиш версияси

Мамлакатимизда 1 минг 100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилди

Истиқлол йилларида темир йўл тизимини тубдан такомиллаштириш, темир йўлларни реконструкция қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага инновацион лойиҳаларни жорий этиш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилди ва бу жараён муваффақиятли давом эттирилмоқда.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда 1 минг 100 километрдан ортиқ янги темир йўллар барпо этилди, 1 минг 700 километрлик темир йўл боғламалари электрлаштирилди, 16 янги темир йўл вокзали бунёд этилди. Юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” поездлари ҳаракати амалга оширилмоқда. Ҳар томонлама қулай ва замонавий талабларга жавоб берувчи ушбу поездлар аҳоли ва хорижий меҳмонларга юқори даражада хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириб, туризм салоҳияти юксалишига замин яратаётир.

Ижобий кўрсаткичларнинг бардавом бўлишида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Республикаси темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш давлат инспекцияси – “Ўздавтемирйўлназорат” бу борадаги ишларни мунтазам мувофиқлаштириб келади. Инспекция поездлар ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш бўйича Ўзбекистон Республикаси темир йўл маъмуриятининг функцияларини бажарувчи ҳамда давлат, хўжалик бошқаруви органлари томонидан темир йўл транспорти соҳасида ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга оид белгиланган қоидалар ва меъёрларга риоя этилиши юзасидан давлат назоратини амалга оширувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Темир йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим вазифанинг ўз вақтида ва самарали бажарилиши ҳар бир ходимдан фидойилик, масъулиятни чуқур ҳис қилиш, билим ва юксак профессионал маҳоратни тақозо этади. “Ўздавтемирйўлназорат” инспекциясининг норматив ҳужжатлар ишлаб чиқиш бўлими бош мутахассиси Лола Қобулова айнан шундай сифатларга эга ходимлардан саналади.

Л.Қобулова 26 йиллик фаолияти давомида қайси жамоада ишламасин ўзидан ижобий таассурот қолдира олди. Меҳнаткашлиги, самимий, камгап ва шу билан бирга талабчан бўлган ходима иш унумдорлигининг асосини тартиб-интизом ва одоб-ахлоқда, деб билади. Ёшларга ва ҳамкасбларига ҳар доим хушмуомала, тажрибали темирйўлчининг ҳаёти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги нишонланаётган ушбу кунларда унутилмас онларга бой бўлди. Унинг кўп йиллик самарали меҳнати давлатимиз томонидан юксак қадрланиб, “Ўзбекистон Конституциясига 25 йил” эсдалик нишони билан тақдирланди.

– Меҳнатим ортидан обрў-эътибор орттирдим, орзуларим ушалди, – дейди Л.Қобулова. – Камтарона меҳнатимнинг эътироф этилиши, юксак даражада мукофотланишим мен учун катта бахт. Бу менинг ишимга берилган юқори баҳо бўлиши билан бир қаторда келажакдаги фаолиятим учун рағбат ҳамдир.

Фирдавс Хайриддинов,
“Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси
ахборот хизмати бошлиғи.

ЎзА
1 382






Все о погоде - Pogoda.uz