ЎзА Ўзбек

26.07.2018 21:19 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз келажагига дахлдор вазифа

Тинчлик ва осойишталик барча ютуқларимизнинг бош омилидир. Айнан шу жиҳатни ҳисобга олиб, Президентимиз томонидан ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини тубдан ислоҳ қилиш, айниқса, ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

– Маҳаллада, тўй-ҳашамда, умуман, дастурхон бошида эл-юртга тинчлик, осойишталик ва хотиржамлик сўраб дуо қилинишида катта ҳикмат бор, – дейди Жиззах шаҳар "Мирзо Улуғбек" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раҳматулла Бозоров. – Барча эзгу ишлар шу яхши ният билан бошланади. Темир йўл вокзали, шаҳардаги энг катта ва гавжум бозор, шоҳбекат маҳалламиз ҳудудида жойлашгани учун илгари турли ҳуқуқбузарликлар кўпроқ содир этилган. Олиб борилаётган профилактика ишлари туфайли бугун ҳудудимиз шаҳардаги энг осойишта жойлардан бирига айланмоқда. Айниқса, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик кескин камайиб, йилнинг ўтган даврида бирорта ҳам содир этилмади.

Вилоятда илгари бирмунча нотинч бўлган, айни пайтда осойишта ҳудудга айланган бундай маҳаллалар сони кўпайиб бораётир. Шаҳардаги барча 34 маҳаллада профилактик тадбирлар самарасини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, “Маҳалла посбони” жамоатчилик тузилмаси сардорлари хизмат кийими, велосипед ва мобиль телефон аппарати билан бепул таъминлангани муваффақиятларнинг муҳим омили бўлмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа мутасадди ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамкорлигида амалга оширилаётган чора-тадбирлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда алоҳида аҳамият касб этаётир. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу давридаги 369 тадан 237 тага камайишига эришилган. Жиноятларда иштирок этган коллеж ўқувчилари 10 нафардан 6 нафарга камайган.

Милиция таянч пунктининг фуқаролар йиғини идораси билан бир бинода жойлашгани, профилактика инспекторининг ўзи ишлаётган маҳаллада яшаши жамоат тартибини сақлашнинг муҳим омили эканини ҳаёт кўрсатмоқда. Профилактика инспекторларининг фуқаролар йиғини раиси, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи, “Маҳалла посбони” билан доимий ҳамкорликда ишлаши туфайли маҳаллада кимнинг фарзанди нима билан машғуллиги маълум. Айнан шу омил турли жиноят содир этилишининг олдини олишда қўл келмоқда.

Тарғибот-ташвиқот тадбирлари давомида аниқланган камчилик ва муаммолар ўз жойида бартараф этилаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида тарбияси оғир, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этишга мойил бўлган 75 нафар вояга етмаганлар, фарзандига таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятини бажармаётган ёки ножўя хатти-ҳаракати билан уларга салбий таъсир кўрсатаётган 237 ота-она аниқланиб, ички ишлар органларида профилактик ҳисобга олинди. Ғаллаорол, Зарбдор, Ш.Рашидов, Зафаробод, Зомин туманларидан 1 нафардан, Пахтакор туманидан 2 нафар вояга етмаган бола махсус мактаб-интернатларига ва касб-ҳунар коллежларига жойлаштирилди. Болага таълим-тарбия бериш борасидаги мажбуриятини бажаришдан бўйин товлаган ёки лозим даражада бажармаган ота-она ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Кўчада, бозорда ва бошқа жамоат жойларида назоратсиз-қаровсиз юрган 69 нафар бола аниқланиб, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди. 142 нафар ота-она, ташкилот ва таълим муассасаси раҳбарларига нисбатан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, вояга етмаганлар ишлари бўйича идоралараро комиссияга кўриб чиқиш учун юборилган.

Албатта, бу тақдимномалар шунчаки ҳужжат сифатида йиғма жилдга тикиб қўйилаётгани йўқ. Яқинда вилоятдаги барча туман ва шаҳар вояга етмаганлар ишлари идоралараро комиссияларининг 2018 йил олти ойлик иш якунларига бағишланган ҳисобот сайлов йиғилишларида бу йўналишда олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, тегишли ташкилотлар фаолиятига ҳисобда турган ҳар бир болани тўғри йўлга қайтариш бўйича бажарилган ишларга қараб баҳо берилган.

Вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятлар ва уларнинг барвақт олдини олиш юзасидан 1000 дан зиёд учрашувлар, давра суҳбати ва бевосита мулоқотлар ўтказилган. Бу тадбирлар давомида диний экстремистик оқимларга аъзо бўлган, муқаддам судланган фуқароларга яшаш, ишлаш шароити яратиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишида кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилаётир.

Жорий йилнинг 15-22 январь кунлари ҳамда 23 апрелдан 30 апрелга қадар “Давомат” тадбирлари ўтказилиб, унинг натижалари юзасидан вилоят хокимлиги ва прокуратурасига ахборотномалар, халқ таълими, ўрта-махсус касб-ҳунар таълими бошқармаларига тақдимномалар киритилди.

– Президентимиз раислигида 2018 йил 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида қайд этилганидек, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда амалга ошираётган ишларимиз ҳали талаб даражасида эмас, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Жўрабек Авазов. – Шунинг учун вилоят ИИБ томонидан ёшлар, жумладан, вояга етмаганлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялашда ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Ушбу режа асосида фақат тарғибот-тушунтириш эмас, ёшларнинг эҳтиёж ва қизиқишлари ҳисобга олинган ҳолда амалий ишлар олиб борилаётир. Масалан, таълим муассасаларида ички ишлар органларининг тажрибали ходимлари томонидан вояга етмаганлар томонидан кўп содир этилаётган жиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида очиқ мулоқотлар ўтказилиши фойдали бўлаётир. Барча шаҳар ва туманларда мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида уюшмаган ёшлар ўртасида 20 дан ортиқ тренинглар ташкил этилиб, унда ёшларга тадбиркорлик тўғрисида, кредит олиш тартиби, солиқ сиёсати ва технологиялар тўғрисида тушунчалар берилди.

Албатта, ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида “Бургутлар”, “Темурбеклар” каби ҳарбий спорт мусобақалари, ўқувчиларнинг ёзги оромгоҳларида ўтказилаётган тадбирлар ҳам қизиқарли, ҳам фойдали бўлмоқда.

Мамлакатимиз келажаги фарзандларимизнинг комил инсон бўлиб вояга етишига боғлиқ. Бинобарин, ёшларни жисмонан соғлом, маънан етук, интеллектуал салоҳиятли инсонлар этиб тарбиялаш нафақат тегишли ташкилотлар, балки барчамизнинг вазифамиздир.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
4 863