ЎзА Ўзбек

27.07.2018 23:02 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси оғир жудоликка учради

1.jpgЎзбекистон Қаҳрамони
Сиёсатхон Абдуллаева


Кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалигида самарали меҳнат қилиб, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган, моҳир ва таниқли фермер, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсатхон Абдуллаева шу йил 27 июль куни вафот этди.

С.Абдуллаева 1940 йилда Андижон туманида туғилди. Меҳнат фаолиятини Олтинкўл туманидаги жамоа хўжалигида оддий ишчи сифатида бошлаб, кейинчалик шу тумандаги 2-болалар боғчасида тарбиячи, боғча мудираси лавозимларида меҳнат қилди. Деҳқончилик касби ва илмига алоҳида меҳр қўйган С.Абдуллаева Андижон Пахтачилик институтини агроном йўналиши бўйича тугаллаганидан сўнг яна қишлоқ хўжалиги соҳасига қайтиб, 1978 йилдан мазкур туманда ширкат хўжалиги бош пудратчиси вазифасида ўз меҳнат фаолиятини давом эттирди. Мамлакатимизда фермерлик ҳаракати бошлангандан сўнг «Олтинкўл водий гулшани» фермер хўжалигини ташкил этиб, умрининг охирига қадар шу лавозимда иш олиб борди.

С.Абдуллаева ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида пахтачилик, ғаллачилик ва қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. Моҳир ва тажрибали агроном раҳбарлигидаги фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича барча шартнома мажбуриятларини муваффақиятли бажариб, мамлакат миқёсида энг юқори кўрсаткичларга эришиб келган.

С.Абдуллаева жамоат ишларида ҳам фаол иштирок этиб, қишлоқ ва маҳаллаларни обод қилиш, ёшларни ватанпарварлик ва истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш борасида ибрат ва намуна кўрсатиб, аҳоли ўртасида юксак обрў-эътибор қозонган эди.

С.Абдуллаеванинг кўп йиллик самарали меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У «Дўстлик» ордени ва Ўзбекистон Қаҳрамони унвони билан мукофотланган.

Фидойи ва ташаббускор фермер, самимий ва камтарин инсон Сиёсатхон Абдуллаеванинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.

Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов, А.Арипов,
З.Мирзаев, Б.Юсупов, А.Ҳаитов, Ш.Абдураҳмонов

7 695