Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.08.2017 18:35 Чоп этиш версияси

Мамлакатимиз ҳарбий муҳандисларининг муваффақияти

Жаҳоннинг беш мамлакати полигонларида 29 июлдан 12 августга қадар навбатдаги Халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари вакиллари илк бор иштирок этиб, муваффақият қозонди. Мамлакатимиз ҳарбий муҳандислари "Хавфсиз йўл" танловида учинчи ўринни эгаллади.

Пойтахтимизда ҳарбий муҳандисларимиз жамоасини тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Мамлакатимиз ҳарбий хизматчилари Хуршидхон Ҳайдаров ва Бунёд Болтаев ўзаро уйғун ҳаракат қилиш ва белгиланган меъёрларни бажариш кўрсаткичлари бўйича "Энг намунали ТТММ гуруҳи" номинациясида ғолиб деб топилди. ТТММ – бу тўсиқдан тозалаш муҳандислик машинаси бўлиб, уни бошқараётган гуруҳ қўшинлар ҳаракат қилиши учун йўлни тўсиқлардан тезроқ тозалаши лозим. Ўзбекистон жамоасига Қуролли Кучлар Бош штаби муҳандислик қўшинлари бўлими бошлиғи подполковник Равиль Бойбеков раҳбарлик қилди, машина экипажини Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ҳарбий кафедраси цикл бошлиғи подполковник Насим Тўхтаев мусобақага тайёрлади.

Россия, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон ва Хитойнинг 22 полигонида ўтаётган 2017 йилги Халқаро армия ўйинларида 28 мамлакат ҳарбий хизматчилари баҳслашди. Мамлакатимиз Мудофаа вазирлиги вакиллари "Ҳарбий разведка аълочилари", "Эльбрус халқаси", "Содиқ дўст", "Хавфсиз йўналиш", "Йўл патрули", "Снайпер марраси", "Қуролсоз уста" ва "Мусаффо осмон" танловларида иштирок этди.

Ҳарбий муҳандисларимиз муваффақияти миллий армиямиз техник жиҳатдан юқори даражада жиҳозлангани, ҳарбий хизматчиларимиз юксак маҳорат, мустаҳкам маънавий-иродавий фазилатлар соҳиби эканини яна бир бор намоён этди. Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг буйруғи билан ҳарбий муҳандислар жамоаси аъзоларига кўкрак нишонлари топширилди.

Аблай Камолов, ЎзА
1 879






Все о погоде - Pogoda.uz