ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Мамлакат манфаатидан глобал муаммолар ечимига

Мамлакат манфаатидан глобал муаммолар ечимига

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бош Ассамблеянинг 75-сессиядаги ўзбек тилидаги нутқи, шубҳасиз, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият доирасидаги обрў-эътиборини янги поғонага кўтарди. Нутқни нафақат юртимиз балки, дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сиёсатшунослар, илм аҳли, оддий одамлар ҳам муносабат билдириб қўллаб-қувватламоқда. Нутқда мамлакатимиз манфаатларига алоқадор масалалардан тортиб глобал муаммолар ечимига оид қатор конструктив таклиф ва ташббуслар илгари сурилди.

Аввало давлатимиз раҳбарининг нутқидаги бугун бутун дунёни ташвишга солган коронавирус пандемиясига қарши курашда халқаро ҳамкорликни кучайтириш бўйича билдирган фикрлари, ўртага ташлаган таклифлари халқаро ҳамжамиятнинг эътиборини тортди.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Президентининг пандемияга қарши курашда БМТ шафелигида “Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодекс”ни ишлаб чиқиш таклифи келгусида бундай офатларга қарши курашда барча давлатларнинг бундай офатлардан ҳимоя қилишдаги масъулиятини оширади ва биргаликда ҳаракат қилишига ҳуқуқий асос яратади. Бу ташаббуснинг халқаро ҳамжамият томонидан қўллаб-қувватланиши бутун инсоният манфаатларига хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда болалар меҳнатига, мажбурий меҳнатга барҳам берилгани, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, гендер тенглиги ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, эътиқод эркинлиги ва корупцияга қарши кураш ҳақида билдирган фикрлари бугун халқаро ҳамжамият томонидан қизғин маъқулланаётир. Шу ўринда мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган муносабат кескин ўргаргани, бугун ҳаётимизга “Гендер тенглик”тушунчасининг кириб келгани ва амалиётга жорий қилингани жамиятимизнинг катта ютуғи бўлди.

Бунинг натижасини кейинги йилларда давлат бошқарув органларида аёлларнинг кўрсатгичи ошганида кўриб турибмиз. Давлат статистика маълумотларига кўра, 2019 йилда корхона ва ташкилотларда ишловчиларнинг 42,1 фоизи аёллар ва 57,9 фоизини эркаклар ташкил этган. Мамлакатимизда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ташкил этилиши билан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимидаги ишлар янада такомиллашди.

Президентимиз нутқида дунё ҳамжамиятини ўйлантираётаётган яна бир муҳим масала – қашшоқликка қарши кураш масаласига катта эътибор қаратди. Бугун халқимиз, дунё ҳамжамияти мамлакатимиз тарихида биринчи марта камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида вазирлик тузилиб, муҳтож оилаларга даромад манбаини яратиш, ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, турли шаклда субсидиялар бериш, янги иш ўринлари яратилишини қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлардан хабардор.

Масаланинг муҳим жиҳати, бу йўналишдаги ишлар давлатимиз томонидан изчил давом эттирилмоқда. Президентимизнинг яқинда қабул қилган қарори билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» жорий этилмоқда. Ижтимоий нафақа олувчилар сони икки баробар кўпайиб, жорий йил охирига қадар 1 миллион 200 минг, 2021 йилда эса 1 миллион 500 минггача етказилиши белгиланган.

Келаси йил 1 январдан бошлаб кам таъминланган оила мақомини олиш учун ҳозиргидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб этилмайди, 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматларни осон тақдим этиш чоралари кўрилади. Юртимизда амалга оширилаётган бу ишлар давлатимиз раҳбари томонидан БМТ Бош Ассамблеясининг навбатдаги сессияси муҳокамасига қашшоқликни тугатиш ва камбағалликка қарши кураш масаласини асосий мавзулардан бири сифати киритиш ҳақида билдирган таклифи билан ҳамоҳанг эканлиги айниқса эътиборга моликдир.

Айни кунларда маҳалла ва оилаларда, жамоат жойларида аҳолининг турли тоифалари томонидан мамлакатимиз раҳбарининг БМТ сессиясида сўзлаган нутқи қизғин муҳокама бўлаётир. Бу жараённинг диққатга сазавор томони – одамлар бу масалага жуда катта қизиқиш билан муносабат бирлдираётганидир. Демак, одамлар Президентимиз томонидан илгари сурилган таклифлар ҳар бир юрт тақдирига, халқимиз келажагига хизмат қилишига ишонмоқда.

Назара МУХТОРОВА,
Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари, 
маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи,
Сенатор

1 928
ЎзА