Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.07.2018 17:12 Чоп этиш версияси

Маликобод намунали ҳудудга айланмоқда, аҳолиси эса тадбиркорга

Навоий вилояти Қизилтепа тумани Тошработ қўрғони ҳудудидаги қишлоқларда “Обод қишлоқ” дастури асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Дастур ижроси доирасида нафақат бунёдкорлик ва қурилиш-ободонлаштириш ишлари, балки бу эзгу ишнинг мақсади ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш бўйича ҳам тарғибот тадбирлари олиб борилаётир.

Маликобод қишлоғида вилоят ички ишлар бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши масъуллари иштирокида ўтказилган тадбирда ҳам “Обод қишлоқ” дастури ижроси доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз борди.

– Маҳалламиз ҳудудидаги 31-умумтаълим мактаби 300 ўринга мўлжалланган ва дарслар 2 навбатда ўтказилар эди, – дейди “Маликобод” маҳалла фуқаролар йиғини раиси З.Азизов. – “Обод қишлоқ” дастури асосида таълим муассасаси учун қўшимча яна 220 ўринли замонавий ўқув биноси қуриб битказилди. Ҳозир бу ерда сўнгги пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Бино фойдаланишга топширилгач, ўқувчилар бир навбатда таҳсил олади. Бундан ташқари, ҳудудда янги мактабгача таълим муассасаси, маҳалла биноси қурилди, қишлоқ врачлик пункти тўлиқ таъмирланди.

Дарҳақиқат, бугун Маликободда 50 га яқин бино янгидан қурилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларига нафақат бюджет маблағлари, балки тадбиркорларнинг ўз лойиҳалари асосида тегишли маблағлар ҳам жалб этилмоқда. Болажонлар учун барпо этилган маскан ва аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида ҳозирланган сунъий қопламали спорт майдончаси шулар жумласидандир.

Қишлоқдаги ички йўллар ҳолати яхшиланди. Аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. Ҳудудда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида мавжуд зовурлар тозаланди. Электр энергияси тизими буткул янгиланди. 2 янги трансформатор ўрнатилиб, ёғоч устунлар бетонлисига алмаштирилди. Эскирган электр тармоқлари ўрнига замонавий кабеллар тортилди.

“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида 50 хонадоннинг ҳар бирига 50 бошдан парранда тарқатилди. Фуқароларга иссиқхона ташкил этиш, чорвачилик, паррандачилик ва асаларичилик билан шуғулланиши учун банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратилди. Бунинг самарасида қўшимча ишчи ўринлари яратилаётир. Маҳалла ҳудудида 4 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилди.

– Бир неча йилдан буён паррандачилик билан шуғулланиб келаман, – дейди ёш тадбиркор О.Қаҳҳоров. – Айни пайтда хўжалигимизда 6 минг бош товуқ парваришланмоқда. Ушбу тармоқни ривожлантиришга аҳд қилганлар сони кўпайиб бормоқда. Жумладан, маҳалламизда 120 минг бош парранда парваришланадиган фабрика қурилаётгани фикримиз тасдиғидир.

Тадбирда “Обод қишлоқ” дастури доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари одамларнинг эртанги кунга ишончини мустаҳкамлаб, уларни янада фидокорона меҳнат қилишга ундаётгани таъкидланди.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
6 241