ЎзА Ўзбек

07.07.2018 14:47 Чоп этиш версияси

Малайзиядаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқот

Малайзиядаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқот
Пойтахтимизда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Малайзиянинг Осиё Тинч океани технологиялар ва инновация университети ҳамкорлигида Малайзиядаги ўзбек талабалари билан онлайн мулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган мулоқотда мамлакатимиздаги давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари, “Google”, “Data Micron” технологик компаниясининг Малайзиядаги филиаллари,“PETRONAS” нефть-газ компанияси, “Consolsys-Technology” молия хизматлари марказида фаолият юритаётган ўзбек мутахассислар, Малайзиянинг нуфузли таълим даргоҳларида таҳсил олаётган талаба ёшлар қатнашди.

dc5c06eb-0b91-45e7-b857-ed2f2bcee109.jpg

Малайзиядаги ўзбек ёшларига Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастурининг мазмун-моҳияти, мақсади ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Таъкидланганидек, ушбу дастур доирасида чет элларда ўқиб қайтган ёш юртдошларимиз ҳам ўзи учун кўплаб қизиқарли йўналишлар топиши улар учун ҳам катта имкониятлар эшигини очади. 

Шунингдек, уларнинг айни вақтда мамлакатимизда қайси соҳа мутахассисларига кўпроқ эҳтиёж сезилаётгани, ўқишни тугатиб, мамлакатимизга қайтганидан кейин ўз соҳалари бўйича ишга жойлашиш масаласи, дипломларини нострификация қилиш ҳамда бизнес очиш масалаларидаги саволларига мутахассислар томонидан жавоб қайтарилди. 

Онлайн мулоқотда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 4 июль куни ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, бандлигини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар хусусида ҳам тўхталиб ўтилди. 

0388c42e-ab50-4b58-82d5-1b58cdb49ca3.jpg

– Бу каби ўзгаришлар ва янгиланишлар яқин келажакда мамлакатимизни дунёдаги энг инвестицион жозибадор давлатлардан бирига айлантириши шубҳасиз, – дейди Малайзиянинг Осиё Тинч океани технологиялар ва инновация университети талабаси Бобур Мираҳматов.

Тадбир якунида бундай амалий мулоқотларни мунтазам ўтказиб туришга келишиб олинди. 

Гулноза Бобоева, Фарҳод Абдурасулов, (сурат) ЎзА
8 657