ЎзА Ўзбек

15.01.2020 Чоп этиш версияси

Малайзия телеканалларида Ўзбекистон намойиши

Малайзия телеканалларида Ўзбекистон намойиши

14 январь куни “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Малайзия давлат телерадиокомпанияси раҳбарияти билан учрашди.

Бу ҳақда “Ўзбеккино” миллий агентлиги матбуот хизмати хабарида айтилишича, малайзиялик мутахассислар билан биргаликда Ўзбекистон ҳақида 10 қисмли ҳужжатли фильм яратиш режалаштирилмоқда. 
Фильм жорий йил февраль-март ойларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хивада шаҳарларида тасвирга олинади. Муқаддас Рамазон ойида Малайзия етакчи телеканалларида намойиш этилади. 

Ф.Абдухолиқовнинг айтишича, бу фильм Малайзия халқини Ўзбекистонда амалга оширилаётган тарихий ўзгаришлар билан таништиради. Ислом дини тинчлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик дини эканини ёрқин тарихий далиллар билан намойиш этади. Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк мутафаккир ва олимлар – Имом ал-Бухорий, Термизий, ал-Хоразмий, Мирзо Улуғбек ва бошқа буюк аждодларимизнинг ислом дини ривожи, жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳикоя қилади. 

Учрашувда малайзиялик мутахассислар билан ҳамкорликда бошқа лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳам келишувга эришилган. Жумладан, Малайзиянинг Aquiula Emas медиа компанияси RTM телерадиокомпанияси кўмагида Марказий Осиё мамлакатлари учун GLOB сайёҳлик дастурини суратга олишни режалаштирмоқда. Унда 5 қисм Ўзбекистонга бағишланади. Фильм “Ўзбеккино” миллий агентлиги билан ҳамкорликда ишланади. 

Эслатиб ўтамиз, RTM 36 радио ва 3 телеканални жамлаган Малайзиядаги энг йирик жамоат телерадиокомпанияси саналади. Аудиторияси ўртача 25 миллион кишини ташкил этади.

2 330
ЎзА