ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:28 Чоп этиш версияси

Малака ва маҳорат намойиши

Қаршида “Аълочи ходим” ва “Илғор мутахассис” кўрик-танловларининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати шахсий таркибининг касб тайёргарлиги, малакаси ва салоҳиятини янада ошириш мақсадида анъанавий ўтказиб келинаётган ушбу танловларда 16 жамоа 6 та йўналишда ўзаро баҳслашди. Ҳар бир жамоа касб маҳорати ва салоҳиятини, жанговар шайлигини намойиш қилди. 

“Аълочи ходим” танловида ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиқлари ўртасида учинчи ўринни Фарғона вилояти, иккинчи ўринни Наманган вилояти, биринчи ўринни Навоий вилояти вакиллари эгаллади. Худди шу йўналишда қисм бўлинма командирлари тоифаси бўйича учинчи ўринни Сирдарё вилояти вакили, иккинчи ўринни “Лукойл” ёнғин хавфсизлиги бошқармаси, биринчи ўринни самарқандлик иштирокчи қўлга киритди. Бундан ташқари, касбийлаштирилган қисм бошлиқлари, бўлинма командирлари ҳамда ёнғин ўчириш куч воситалари йўналишлари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. 

“Илғор мутахассис” танловида иштирок этган ҳарбий сафарбарлик тоифасида учинчи ўринга Бухоро вилояти, иккинчи ўринга Қашқадарё вилояти вакили сазовор бўлган бўлса, ғолибликни Наманган вилояти вакили қўлга киритди. 

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси томонидан ташкил этилган “Аълочи ходим” кўрик-танловининг мамлакат босқичида ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиқлари ўртасида иккинчи ўринни эгаллаганимдан хурсандман, – дейди Наманган вилояти ИИБ ЁХБ 2-ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисм бошлиғи, майор Дилшод Мамажонов. – Танловда соҳа ходимларининг жанговар шайлиги, билими ва малакаси яна бир бор синовдан ўтди. 

Барча ғолиб ва совриндорлар Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 



Ўлмас Баротов, ЎзА
3 239